“Таълим тизимимиз сифатли кадрлар етказиб бера олмаяпти” — ўзбек мигрантлари нега Россияни танлаётгани ҳақида фаоллар билан суҳбат
Таълим ва тарбиядаги муаммоларимиз хорижга чиққанда кўриниб қоляпти: эндигина улғайиб меҳнат бозорига кириб келаётган йигитлар орасида ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишни билмаслик, ҳатто қўрқоқлик кўп учрайди. Ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад ва жамоатчилик фаоли Расул Кушербаев Kun.uz'га берган интервюсида Россиядаги ватандошлар дуч келаётган муаммоларнинг шу ва бошқа сабаблари ҳақида сўз юритди.
Яқинда Россиянинг Екатеринбург шаҳрида қурилиш объектларидаги рейд давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари мигрантларни чўккалаб юришга мажбурлагани акс этган видео тарқалди. Ва бу Россияда мигрантларни таҳқирлаш билан боғлиқ илк ҳодиса эмас.
Kun.uz мухбири шу воқеа сабаб бўлиб Россиядаги ватандошларга ҳуқуқий кўмак кўрсатиб келаётган юрист Ботиржон Шермуҳаммад ва экология вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербаев билан суҳбатлашди.
— Ботир ака, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўтириб юришга мажбур қилинганлар орасида ўзбекистонликлар бўлмаган деб маълумот берди. Сиз шу масалани ўрганиб кўрдингизми?
Ботиржон Шермуҳаммад: Айнан [тармоқларда тарқалган] видеода Ўзбекистон фуқаролари йўқ. Лекин умуман [ўша ерда] бир қанча фуқароларга рейд бўлган. Улар ичида камида 2 нафар Ўзбекистон фуқароси бор деб айтилди. Биз бевосита бориб ўрганишга имкониятимиз йўқ, лекин кейин чиққан хабарларни ўқидик. Яъни ўша воқеада Ўзбекистон фуқаролари бўлгани аниқ. Албатта, айнан видеода чўккалаб юрганлар ичида йўқ. Лекин биз фақат видеога чиққан жараённи кўряпмиз. Афсуски, видеода кўринмаган ҳолатда нима бўлганини билмаймиз. Қисқа видеолавҳани кўряпмиз, аммо ундан олдин ёки кейин, полиция бўлимида қандай муносабатда бўлган, уни билмаймиз.
Аслида бу ҳолатлар охирги йилларда янгилик бўлмай қолди. Мана шу нарсага бўлган муносабат секин-секин ўзимизда, мутахассисларда, оддий фуқароларда ҳам қандайдир кўникиш ҳиссини пайдо қиляпти. Аслида бу жуда ҳам ёмон ҳолат. Ўтган 2023 йилда биринчи марта бўлди: масжидга бевосита қўпол равишда оёқ кийимда кириб, намоз ўқиб турган фуқароларга шундай ёмон муносабатда бўлинганди. Улар орасида муҳожирлар билан бир қаторда, Россия фуқаролари ҳам бор эди.
Яъни илгари масжидларнинг олдида туриларди, [одамлар] чиққанидан кейин текшириларди. Лекин ичкарига бостириб кириш, ҳаммага намойишкорона тазйиқ бўлмас эди. Охирги йилларда, айниқса 2023 йилда рейдлар, қаттиқ муносабатлар жуда ҳам кўпайиб кетди. Ўзи полиция томонидан қўпол муносабат олдиндан бор. Айниқса махсус бўлими бор, “ОМОН” (махсус топшириқли мобил отряд) дейди, шу томонидан қаттиқ муомала бўлади. Улар ҳам вазиятга қарайди: жамоат жойларида у даражада бўлмаса ҳам, қурилиш объектлари ёки шунга ўхшаш жойларда қаттиқ ҳолатлар бўлади. Чунки у ерда полиция ходимларини ушлаб турадиган омил йўқ. Фақат видеолар чиқиб қолмаса, уларга биров томонидан чора кўрилиши йўқ.
Ўзи умуман, Россия ИИВ томонидан ходимларга нисбатан айнан мана шу соҳада қилган ишлари учун бирор жазо қўлланганини кўрмаганмиз. Бизнинг Ўзбекистон тараф ҳам бу масала бўйича бирор сигнал ёки бошқа кўринишда мурожаат қилган эмас. Прилепиннинг чиқишидан кейин ТИВ биринчи марта таклиф қилдими ёки чақирдими, тушунмадик... У ерда ҳам муҳожирларга нисбатан бўлаётган муносабат эмас, фақатгина Ўзбекистоннинг суверенитетига боғлиқ бўлгани учун шундай масала кўрилди. Аммо Қирғизистон, Тожикистондан фарқли равишда, айнан муҳожирлар масаласида бирор марта жиддийроқ чиқиш бўлганини кўрмадик. Агар ҳукуматлар бу борада қаттиқ талаб қилмаса, Россия ҳеч қачон ўзидан ўзи ўзгариб қолмайди. Ва Россияда муҳожирларни ҳимоя қиладиган бирор қатламнинг ўзи йўқ.
Баъзи бир ҳуқуқ ҳимоячиларига чиқиларди, бу ишлар ноқонуний эканини тушунган фуқаролар бор, лекин улар камчилик. Кўпи уруш бошлангандан кейин чиқиб кетишга мажбур бўлишган. Яъни айтмоқчиманки, Россияда муҳожирлар ҳуқуқини ҳимоя қилиб, ўзига рейтинг оладиган сиёсатчилар ҳам, жамоатчилик вакиллари ҳам йўқ. Шунинг учун бу ерда фақат ва фақат ўзимизнинг расмий ҳукуматимиз вакилларидан умидимиз бор холос. У ердаги ўзбек диаспоралари, жамоатчилик ташкилотлари ҳам [мигрантлар ҳуқуқларини] у даражада жиддий талаб қила олмайди. Чунки уларнинг ҳаммаси Россия махсус хизматларининг бевосита назоратида.
Бизнинг ҳукуматимиз ҳам норасмий каналлари орқали ўзларининг муносабатини билдираётгандир балки. Лекин у даражада жамоатчиликка оммавий равишда муносабат билдиргани йўқ.
Расул Кушербаев: Мигрантлар билан боғлиқ ғоз қилиб юргизилганлик ҳолати бир кўриб қолганимиз, яъни жамоатчиликка чиқиб қолгани. Иш шу даражага етиб борганидан билса бўладики, бу одатий тадбирларнинг бири сифатида намойиш этиляпти. Мигрантларга нисбатан бунақа салбий муносабатнинг шаклланиши биргина ҳуқуқни муҳофаза қилиш ёки бошқа маълум бир соҳаларга хосми? Мен бу фикрга қўшилмайман. Бунинг бу даражада оммалашиб бораётгани расмий Кремлнинг бу борадаги муносабати билан бевосита боғлиқ.
Яъни хоҳлаймизми ёки йўқми, Кремл бугунги кунда мигрантларга нисбатан шундай муносабат бўлиши кераклигини том маънода қўллаб-қувватлаяпти. Ва мана шундай меҳнат мигрантларига нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракат қилганлар жазоланмаяпти, бу табиий равишда барча давлат тузилмаларида мигрантларга салбий муносабатда бўлиши нормал ҳол сифатида кўриб бориляпти. Агар “йўқ, бу нотўғри, бу қонунларда тақиқланган, инсоний гуманистик нормаларга тўғри келмайди” деганда, албатта, биз қайсидир ҳолатда уларга нисбатан чора кўрилганини эшитган бўлардик. Бу биринчиси.
Иккинчидан, бугунги кунда хоҳлаймизми ёки йўқ, мигрантлардан ҳам қурол сифатида фойдаланиш масаласи кўриляпти. Куни кеча бўлган рейд ҳақидаги хабарларнинг ичида бир нечта фуқарога ҳарбий хизматга чақирув хатлари берилгани, “урушга борасан”, деб берилган қоғозлар ҳам чиқди. Энди бу қанчалик рост ёки ёлғон, уни билмадим, лекин айнан шу ерда хизмат қилаётган меҳнат мигрантларига шундай таклиф бўлгани бошқа тармоқлар орқали ҳам анчадан бери айтиб бориляпти. Бугунги кунда уларни нафақат ишлатиш, балки Украина билан урушда фойдаланиш масаласи ҳам кўриляпти.
Умумий жамиятда давлат тузилмаларининг олиб бораётган салбий муносабати Кремл олиб бораётган сиёсат билан бевосита боғлиқ. Агар Кремл ўзининг сиёсий қарашларини ўзгартирадиган бўлса, албатта, қолган тузилмаларда ҳам ўзгариш бўлади. Агар ўзгартирмаса, мана шундай кетаверади. Бу нафақат Россияда, деярли постсовет давлатларининг ҳаммасида мана шундай, яъни сиёсий кайфиятга қараб бошқа тузилмалар мослашади.
Ҳозирги Путиннинг режимида бу ишлар давомли бўлиши мумкин деган эҳтимол юқори.
Ботиржон Шермуҳаммад: Бу ерда бир нарса-да: агар бизнинг ҳукуматимиз талаб қилмаса, Кремлдан ёки бошқа давлат ҳукуматидан буни кутиш нотўғри. Биз ҳозир Россиядаги ҳолатни айтяпмиз. Оддий Грузияга боринг, Қозоғистонга чиқиб келинг, Қирғизистонга “Дўстлик”дан ўтинг, ҳали мен бирор Ўзбекистон паспортига эга инсонни ҳурмат билан чегарадан ўтказишганини кўрмадим. Грузияга хоҳлаган одамини қўйяпти, хоҳламаганини йўқ. Масалан, бизнинг операторимизни қўймади. Ваҳоланки, визасиз режим...
Жуда кўплаб фуқароларимиз билан Қозоғистон, Қирғизистон чегараларида пул талаб қилиш ҳолатлари учрайди. Яъни бу каби ҳолатлар ҳамма ерда бор. Давлатимизнинг ўзи ҳар бир фуқароларимизни ҳимоя қила олмаса, талаб қила олмаса, ўзидан ўзи ўзгариб қолмайди. Бутун дунё Исроил ёки АҚШ фуқаросини хафа қилиб қўядиган бўлса, муносабат бошқача бўлишини билади. Чунки давлат талаб қилади. Давлат талаб қилмас экан, ўзгармайди.
— Умуман, мигрантларнинг оила бағридан кетиб, хорижга чиқиши ижтимоий-психологик муаммоларни келтириб чиқаради. Агар таҳқирланиш каби ҳолатлар давом этадиган бўлса, маълум маънода яна қандай муаммолар юзага келиши мумкин деб ўйлайсизлар?
Ботиржон Шермуҳаммад: Агар шу яқин вақтларда Россиядаги уруш тўхтамаса, Россияда муаммо кўпайиб бораверади, айниқса иқтисодий муаммолар. Биз кўряпмизки, булар иқтисодий муаммодан халқни чалғитиш учун қайсидир қатламни айбдор деб топиши керак, шундай кўрсата олиши керак. ОАВ, сиёсатчилар томонидан миграция масаласи чайналаверади. Сиёсатчилар “мигрантофоб”га айланиб қолди, бошқа сиёсий ташаббус мавжуд эмас, фақат шу билан чиқишмоқда. Ҳар бир сафар мигрантларни нимадир билан чеклаш масаласи кўтарилади, буни эса ҳамма қўллаб-қувватлайди.
Яъни мана шунга ўхшаш ҳолатлар кўпайиб бориши мумкин. Чунки вазият шундай, санкциялар, иқтисодий муаммолар кўпайиб боряпти. Россиянинг дунёдаги дўстлари камайиб боряпти. Агар уруш тўхтаса, секин-секин халқ ўзгаради. Чунки биз кўрганмиз, жамиятда ҳамма нарса яхшиланиб, ривожланаверса, кўпчилик муҳожирлар ҳақида ўйламайди. Лекин муаммолар пайдо бўлганида, биринчи навбатда ким айбдор, нега ундай бўляпти деган саволга, ўзига ўхшамаганлар, ўзига ўхшаб гапирмаганлар ёки ташқи кўриниши ўхшамаганларни айблашга ҳаракат бўлади. Бу нарса Россияда жуда авж олган.
Сўнгги йилларда яхши бўлгани – Россияда муҳожирларни дўппослаб, калтаклайдиган миллатчи гуруҳларнинг йўқ бўлиб кетгани эди. Ҳозирги пайтда шундай гуруҳлар пайдо бўлганини эшитяпмиз. Бу нарса йўқ бўлиб кетганига 10 йилдан ошиб кетганди, яна секин-аста пайдо бўлаётганини эшитяпмиз.
- Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.
Монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.
Тавсия этамиз
Бойлар давраси: дунё миллиардерлари Трамп инаугурациясида йиғилди
Жаҳон | 22:19 / 21.01.2025
Қўли кесилган 2 ойлик чақалоқ: унинг яқинлари шифокорлардан норози
Жамият | 14:20 / 21.01.2025
100 долларлик банкнотанинг эскисидан воз кечиляптими?
Иқтисодиёт | 11:05 / 21.01.2025
АПЛдаги илк ўзбек. Ҳусановнинг трансфери ҳақида асосий гаплар
Спорт | 09:16 / 21.01.2025
Сўнгги янгиликлар
-
БМТ бош котиби 2025 йилдаги асосий таҳдидларни санади
Жаҳон | 21:11 / 22.01.2025
-
Чехияда россияликларга фуқаролик беришни тақиқловчи қонун маъқулланди
Жаҳон | 23:41 / 22.01.2025
-
АҚШ жанубида қор бўронлари сабаб биринчи марта фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Жаҳон | 23:19 / 22.01.2025
-
"Ҳусанов тезроқ инглиз тилини ўрганишига умид қиламан. Унинг жисмоний кўрсаткичлари ажойиб" – Гвардиола Абдуқодир Ҳусанов ҳақида
Спорт | 23:12 / 22.01.2025
Мавзуга оид
23:41 / 22.01.2025
Чехияда россияликларга фуқаролик беришни тақиқловчи қонун маъқулланди
21:40 / 22.01.2025
Трамп Путинни Украинадаги урушни тўхтатишга чақирди
21:10 / 22.01.2025
КХДР Россия-Украина урушига қўшимча кучлар юборишни режалаштирмоқда – Пентагон
17:24 / 22.01.2025