Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европада ҳаво сифати бўйича стандартлар қатъийлаштирилмоқда
Европа Иттифоқига аъзо давлатлар бу борада дастлабки келишувга эришди. Унга кўра, PM2,5 зарраларининг рухсат этилган йиллик концентрацияси 1 метр куб ҳавода 25 микрограммдан 10 микрогаммгача пасайтирилади. Аввалроқ АҚШда бу меъёр 12 мкг/м3 дан 9 мкг/м3 гача туширилганди. ЖССТ тавсиялари бўйича, ушбу кўрсаткич 5 мкг/м3 дан ошмаслиги керак.
Европа парламенти ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ҳаво сифати стандартларини қатъийлаштириш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
Янги қоидаларга асосан, ҳавони ифлослантирувчи моддалар миқдори бўйича меъёрлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига яқинлаштирилади.
Европа атроф-муҳит агентлиги ўтган йили ноябрда тақдим этган маълумотларга кўра, PM2,5 майда зарралари билан боғлиқ ҳаво ифлосланиши 2021 йилда Европа Иттифоқида 253 минг кишининг ўлимига сабаб бўлган.
Шунингдек, қандли диабет билан касалланган одамлар учун энг зарарли бўлган азот диоксиди (NO2) билан ифлосланиш 52 минг кишининг ўлимига сабаб бўлган. 22 мингта ўлим ҳолати озон (O3) билан қисқа муддатли таъсирланишга боғлиқ бўлгани аниқланган.
Дастлабки келишувга кўра, 2030 йилгача PM2,5 учун йиллик меъёр 25 мкг/м3 дан 10 мкг/м3 гача, азот диоксиди учун 40 мкг/м3 дан 20 мкг/м3 гача пасайтирилади.
Ҳужжат Европа Иттифоқига аъзо давлатларга 2029 йил 31 январгача махсус сабаблар бўлган тақдирда стандартларга эришишни кечиктиришни сўраш имкониятини беради.
Эндиликда келишув Европарламент ва ЕИ Кенгаши томонидан расман тасдиқланиши, кейин эса қабул қилиш жараёнидан ўтиши керак.
Kun.uz икки ҳафта олдин АҚШда ҳам ҳаво сифати стандартлари кучайтирилгани ҳақида хабар берганди. Қўшма Штатларда PM2,5 нинг рухсат этилган ўртача йиллик концентрацияси меъёри 12 мкг/м3 дан 9 мкг/м3 гача пасайтирилди.
Январ ойида Ўзбекистон расмийлари ҳаво ифлосланиши бўйича миллий стандартлар ишлаб чиқилаётганини маълум қилганди.
Мавзуга оид
23:16 / 12.06.2026
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова аъзолиги бўйича музокараларни бошлайди
08:50 / 05.06.2026
ЕИда украиналик қочқинларни ҳимоя қилиш тартиби ўзгариши мумкин
08:58 / 04.06.2026
Украинанинг ЕИга аъзо бўлиши йўлида муҳим қадам ташланди
08:48 / 03.06.2026