Дунёдаги барча пандалар Хитойники бўлгани боис чин ўлкаси бу кам учровчи жониворларни анчадан буён «панда дипломатияси» доирасида ўзи дўст деб билган давлатларга бериб келади.

«Хитойдаги тегишли ташкилотлар Испаниядаги Мадрид ҳайвонот боғи ва АҚШдаги Сан-Диего ҳайвонот боғи билан гигант пандаларни ҳимоя қилиш бўйича шартнома имзолади», деди Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мао Нин.

«Шунингдек, АҚШдаги Вашингтон ҳамда Австриядаги Вена ҳайвонот боғлари билан ҳамкорликнинг кейинги босқичлари борасида ишлар олиб борилмоқда», деб қўшимча қилган вазир. Баъзи нашрларга кўра, бу борада музокараларга Байден маъмурияти вакиллари ҳам қатнашган.

Аввалроқ Хитой ёввойи табиатни асраш ассоциацияси Wechatʼдаги саҳифасида гигант пандаларни ҳимоя қилиш доирасида бир қатор зоопарклар билан келишув имзолаганини эълон қилганди.

Сиёсий совуқлик фонида АҚШдаги пандалар Хитойга қайтарилганди

Ўтган йил ноябр ойида икки давлат ўртасидаги сиёсий муносабатлар ёмонлашгани фонида Хитой Вашингтондаги ҳайвонот боғидан пандаларни қайтариб олганди. Улар 50 йилдан буён АҚШ пойтахтида сақланаётган пандалар авлодидан эди.

Вашингтон ҳайвонот боғидаги она ва бола панда \ Фото:  Smithsonian National Zoo

Шу тариқа ҳозир АҚШда фақат Атлантадаги зоопаркда панда қолган. Жоржия штатидаги ушбу ҳайвонот боғида сақланаётган 4 панданинг ижара муддати жорий йил якунига етади. Агар уларнинг ижара муддати узайтирилмаса ёки мамлакатдаги бошқа ҳайвонот боғларига пандалар берилмаса, АҚШда 1972 йилдан буён илк марта умуман панда қолмайди.

Атланта ҳайвонот боғидаги Янг Янг исмли панда \ Фото: Zoo Atlanta

АҚШнинг 37-президенти Ричард Никсон 1972 йил совуқ уруш вақтидаги Хитойга тарихий ташрифи доирасида чин ўлкаси ҳукумати АҚШга илк марта иккита гигант панда жуфтлигини совға қилганди.