Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Реал» ўйинида ҳакам алмаштирилди, Модрич Рамоснинг Мадридга қайтишини сояда қолдирди
Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.
Испания: Мадридда марказий ўйин
«Реал» — «Севиля» 1:0
Гол: Модрич (81).
«Реал» – Лунин, Начо (Модрич, 75), Рюдигер, Менди, Кроос, Валверде, Чуамени, Васкес, Диас (Себаллос, 90), Винисиус, Родриго (Родригес, 90+4).
«Севиля» – Нюланд, Навас (Хуанлу Санчес, 75), Рамос, Баде, Салас (Нянзу, 90+1), Окампос (Янузай, 90+1), Оливер Торрес (Сусо, 75), Соу, Сумаре, Ан Носири, Ромеро (Велис, 75).
Огоҳлантиришлар: Кроос (35), Окампос (70), Нянзу (90+1), Соу (90+8).
«Реал» мухлислари учун яхши янгилик: Рюдигер тикланди ва яна бошланғич таркибда ўйнамоқда. Аммо ҳали сафга қайтмаганлар ҳам кўпчилик (Куртуа, Милитао, Алаба, Беллингҳем, Хоселу жароҳатланган, Камавинга ва Карваҳал дисквалификацияга учраган). Мадридликлар таркибдаги муаммоларга қарамай узоқ вақт давомида ғалабали серияни давом эттирди, аммо февралга келиб «Реал» бир неча бор очко йўқотди ва бу сафарги ўйин ҳам жуда оғир кечди.
Таркибдаги муаммолар ҳақида ҳар ҳафта гапирилади, «Сантияго Бернабеу»га Серхио Рамоснинг ташрифи эса — эътиборга молик воқеа. «Ҳар доимги мақсад қўйилган ўзига хос ўйин. Ғалаба қозониш», — дея ёзди ўйиндан олдин андалусияликларни майдонга сардор сифатида бошлаб тушган ва трибунадагилар олқиши остида қарши олинган фахрий футболчи.
Саккизинчи дақиқадаёқ «Севиля» ҳужумчиси Ан-Носирий 10 метр масофадан туриб, ҳеч ким халақит бермаганига қарамай аниқ зарба йўллай олмади. Шундан кейин кўп ўтмай «Реал» гол урди, аммо Васкеснинг голи VAR томонидан бекор қилинди. Такрорда Начо гол урилган ҳужум давомида фол ишлатгани тасдиқланди.
«Севиля» анча тартибли ўйин намойиш этди. Жамоа орқа чизиғида беш ҳимоячи саф тортди, мавсумнинг биринчи қисмида умуман бундай схемада ўйналмаганди, аммо Кике Санчес Флорес даврида бу одатий ҳолатга айланмоқда. Меҳмонлар шу қадар чуқур ҳимояланишдики, чизиқлар орасида бўшлиқлар қолдирилмади. Баъзи ҳолатларда эса энг охирги чизиқда олти футболчи жойлашди.
Биринчи бўлим майдон эгалари учун асабий кечди. Бош ҳакам танаффусга қадар икки бор сариқ карточка кўрсатди ва иккисини ҳам – «Реал» вакилларига. Анчелотти ва Кроос ҳакамга ортиқча ҳиссиёт билан шикоят қилгани учун огоҳлантирилди.
Иккинчи бўлимда эса вазиятлар кўпая бошлади. 49-дақиқада Валверденинг зарбаси ўхшамади, аммо тўп унинг оёғидан барибир «Севиля» дарвозси устунига борди, Родригонинг рейди якунидаги зарба ҳам ноаниқ кетди. Меҳмонлар эса намунали қарши ҳужум уюштиришди ва Ромеро яхши зарба берди, аммо Лунин қутқарди.
Иккинчи бўлим ўрталарида кутилмаганда бош ҳакам жароҳат олди. Шу ўринда Флорентино Перес «Реал»нинг голини инобатга олмаган бош ҳакамни алмаштиргани ҳақидаги ҳазил тарқалди. Трансляцияда ҳам худди шунга ишора қилган олда мадридликлар президенти ўтирган трибуна намойиш этилди.
Фото: ANGEL MARTINEZ/GETTY IMAGES
Якунда эса ҳакамлик эмас, Анчелоттининг футболчи алмаштиришлари қўл келди. Италиялик мураббий Модрични майдонга ташлади ва дарҳол сардорлик боғичини олган хорватиялик футболчи 81-дақиқада бир ҳаракат билан жарима майдони ичидан чиқиб келган тўпни эгаллаб олди ва биринчи ҳаракат билан ҳимоячи таъқибидан қутулиб, иккинчи тегинишда дарвозабон ета олмайдиган траекторияда қайтариб бўлмас зарба йўллади. 38 ёшли Модричнинг шартномаси муддати уч ойдан кейин якунланади, аммо у ҳали ҳам жамоага фойда келтирмоқда.
«Севиля» дуранг ҳисобни сақлаб қолишга яқин эди, аммо уддалай олмади. Ўйиндаги яна бир ёрқин вазият қўшимча дақиқалар ўтаётганида Анчелотти товони билан тўпни тўхтатиш трюкини намойиш этиши ва маҳаллий фанатларни хушнуд қилиши бўлди.
Фото: Трнансляциядан кадр
«Реал» қийинчилик билан ғалаба қозонди ва «Барселона»дан саккиз очколик фарқни сақлаб қолди. «Жирона» эса тур ўйинини бугун ўтказади.

Италия: Лаутарода юбилей гол
«Ювентус» — «Фрозиноне» 3:2
Голлар: Влаҳович (3, 32), Ругани (90+5) — Шеддира (14), Брешианини (27).
«Ювентус» – Шченсни, Камбиязо, Ругани, Бремер, Гатти (Милик, 87), Костич (Веа, 62), Рабио (Алкарас, 29), Локателли, Маккенни (Айлинг, 87), Киеза (Йилдиз, 62), Влахҳович.
«Фрозиноне» – Черофолини, Дзортеа, Романиоли, Лирола (Монтериси, 90+5), Околи, Валери, Маццителли (Желли, 87), Ҳарруи (Барренечеа, 73), Брешианини, Суле (Сек, 87), Шеддира (Кайо Жорже, 73).
Огоҳлантиришлар: Бремер (7), Валери (64), Черофолини (70), Локателли (71).
Бир ой давомида ғалаба қозонмаган «Ювентус» (=2-2) қийналишда давом этмоқда. Ҳолбуки инқироздан чиқиш учун «Фрозиноне» жуда қулай рақиб бўлиб кўринганди. Аммо ҳатто Влаҳовичнинг тезкор голи ҳам асаббузарликдан қутқара олмади. Сербиялик ҳужумчи рақиб жарима майдони марказида туриб, тўпни бурчакка жойлаган ҳолда дублни расмийлаштирганида бу гол фақат ҳисобни тенглаштиришга яради, чунки унинг биринчи голига жавобан меҳмонлар икки бор жавоб қайтарганди.
Массимилиано Аллегри бу борада ўтган турдан кейин тўхталиб ўтганди: «Сўнгги вақтларда рақиб ҳар ҳужумга ўтганида бизга гол урадигандек ҳиссиёт пайдо бўлмоқда». Тан олиш керакки, бундай тасаввур ҳали ҳам йўқолмаган. Лекин «Кекса синоралар» услубида қўшимча дақиқаларда урилган гол эвазига қўлга киритилган ғалаба бор. Руганининг голи Аллегри А серия мураббийлари орасида биринчи бўлиб 1000 очколик довонни забт этишига имкон берди.
«Лечче» — «Интер» 0:4
Голлар: Мартинес (15, 56), Фраттези (54),) де Врей (68).
«Лечче» – Фалконе, Жандре, Баскиротто, Туба (Гонсалес, 57), Галло, Блен, Рамадани (Бериша, 79), Рафия (Каба, 58), Сансоне (Банда, 57), Альмквист (Уден, 77), Пикколи.
«Интер» – Аудеро, Думфрис, де Врей, Биссек, Карлос Аугусто, Димарко (Бюкенен, 76), Мхитарян (Классен, 64), Фраттези (Акинсанмиро, 76), Аслани (Барелла, 55), Санчес, Мартинес (Арнаутович, 65).
Огоҳлантиришлар: Сансоне (3), Аслани (38), Мхитарян (63).
«Интер» эса бу вақтда Симоне Индзагининг мураббийлик фаолиятидаги илк скудетто томон интилмоқда. Агар барча турнирлар қўшиб ҳисобланса, нерадзуррилар йил бошидан буён барча ўн ўйинда ғолиб бўлишган. «Лечче» билан ўйинда Лаутаро Мартинес диққат марказида турди ва гап у меҳмонларнинг голларининг ярмини урганида ҳам эмас. Аргентиналик ҳужумчи ҳар қандай форвард учун қадрли бўлган натижага эришди ва «Интер» либосидаги голлари сонини юзтага етказиб қўйди. Бундан ташқари, Мартинес — А серияда сўнгги 65 йилликда қаторасига уч мавсумда камида 20 тадан гол урган бешинчи футболчига айланиди. Ундан аввалгилар рўйхати номдор футболчилардан таркиб топган — Батистута, Ди Натале, Кавани ва Криштиану Роналду.

Германия: Дортмундда бўрон
«Боруссия» Д — «Ҳоффенҳайм» 2:3
Голлар: Мален (21), Шлоттербек (25) — Бебу (2), Байер (61, 64).
«Боруссия» Д – Майер, Рюэрсон (Ҳуммелс, 79), Шлоттербек, Жан, Матсен (Адейеми, 75), Ройс (Дюранвил, 87), Забитцер, Брандт, Мален, Санчо (Байно-Гиттенс, 75), Фюллкруг (Мукоко, 75).
«Ҳоффенҳайм» – Бауманн, Кадержабек, Брукс, Қобоқ, Гриллич, Штах, Тоҳумжу (Бекер, 79), Крамарич (Гайгер, 67), Бебу (Бюлтер, 79), Байер (Вегорст, 79), Сков (Юрасек, 49).
Огоҳлантиришлар: Тоҳумжу (24), Забитцер (45), Брукс (90+3), Гайгер (90+4), Мален (90+5).
Навбатдаги тур — «Боруссия»нинг беқарор ўйинини яққол ифодаловчи иллюстрация бўлди. Аввалига бу сафар барчаси Дортмунд фойдасига кечадигандек кўринаётганди. Жумладан, рақибларнинг натижалари ҳам, хусусан «Штутгарт» кутилмаганда «Кёлн»га қарши ўйинда очко йўқотди (1:1), «Лейпциг» эса охирги дақиқаларда «Бавария»га ютқазди (1:2). Бирини қувиб етиш, бошқасидан узоқлашиб кетиш — ва дортмундликлар учун барчаси шунчаки ажойиб бўларди. Тезкор гол ўтказиб юборилганига қарамай «асаларилар» биринчи бўлимдаёқ вазиятни ўз томонига оғдира олди. Икки стандарт — жарима ва бурчак зарбалари — ва 0:1 ҳисоби Мален ва Шлоттербекнинг саъй-ҳаракатлари билан 2:1 кўринишига келди. Аммо тўрт дақиқа ичида икки гол урган мезбонлар танаффусдан кейин бундан ҳам қисқа вақт оралиғида икки гол ўтказиб юборишди. Иккинчи ўтказиб юборилган голни бахтсиз тасодифга йўйиш мумкин бўлса (бу вазиятда зарба йўналишида Шлоттербек туриб қолиб, дарвозабонни қийин аҳволда қолдирди), «Ҳоффенҳайм» форварди Байернинг иккинчи муваффақияти — бир неча ҳимоячининг хатолари занжири оқибати бўлди. Эдин Терзич жамоаси учун ҳали ҳам барчаси мавҳум бўлиб қолмоқда ва ЕЧЛга йўлланма берувчи кучли тўртликдаги ўрин хавф остида.

Франция: «ПСЖ» Мбаппе алмаштирилганидан кейин ҳисобни тенглаштирди
«ПСЖ» — «Ренн» 1:1
Гол: Рамуш (90+7, пеналти) — Гуири (33).
«ПСЖ» – Доннарумма, Ҳакими, Данилу Перейра, Лукас Бералдо, Эрнандес (Мендеш, 71), Фабиан Руис, Витиня, Ли Кан Ин (Асенсио, 46), Дембеле (Заир-Эмери, 71), Барколя (Коло-Муани, 65), Мбаппе (Гонсалу Рамуш, 65).
«Ренн» – Манданда, Дуэ, Ву, Белосян, Сейду, Блас, Сантамария, Дуэ (Бурижо, 56), Гуири (Омари, 81), Калимуэндо (Трюффер, 66), Сала (Терре, 66).
Огоҳлантиришлар: Дуэ (48), Ҳакими (54), Эрнандес (70), Гонсалу Рамуш (87), Фабиан Руис (89), Блас (90+2), Лукас Бералдо (90+4), Манданда (90+6).
Ўтган турда Мбаппе захирадан майдонга тушганди. Бу сафар форвардни ноодатий тарзда майдондан анча эрта олинди — 65-дақиқадаёқ. Ҳисоб «Ренн» фойдасига 0:1 бўлиб турганида. Яқин вақтларгача бундай ҳолатни тасаввур қилиб бўлмасди, умуман олганда барча жамоаларда ҳам вазият оғир паллаларда юлдузлар алмаштирилмайди. Аммо Луис Энрике аллақачон келажак ҳақида ўйлаётганини намойиш этмоқда. Ва «ПСЖ»нинг юлдузли футболчиси қачон ва қанча вақт ўйнашини у белгилайди. Қолаверса — бу Килиансиз ўйнашга аста-секин кўникиш ва бошқа футболчиларга ўзини кўрсатишга имкон бериш демакдир. Бу ҳолатда ўйинни қўшимча дақиқалар охирида қутқаришга муваффақ бўлинди, Гонсалу Рамуш томонидан аниқ ижро этилган пеналти парижликларнинг лига 1 тарихида энг кеч урган голи бўлди (96 дақиқа ва 12 сония).
Франция чемпионатида ўйинлар куни «Монако» учун идеал тарзда кечди. Аввалига жамоа «Ланс»га қарши ўйин охирида ғалабани илиб кетди (3:2), кейин эса рақобатчилардан совғалар қабул қила бошлади. Турнинг асосий сенсацияси — «Ницца» ўз уйида «Клермон» билан дуранг ўйнаши (0:0), «Лилл» эса «Тулуза» майдонида таслим этилиши (3:1) бўлди. Энди монегасклар учинчи ўринга кўтарилди ва бир кун олдин ғалаба қозониб, клуб рекордини такрорлаган ҳолда иккинчи ўринда жойлашган «Брест»ни икки очколик фарқ билан таъқиб этмоқда. Мавсум кашфиёти бўлган ушбу жамоа 12 турдан буён мағлубиятга учрамаган. Қизиқ томони бу сериядан олдин қаторасига уч мағлубият қайд этилганди.

Кун статистикаси
- Португалия чемпионатининг жорий мавсумида фақат 1 футболчининг голлари ва голли узатмалари икки рақам билан ифодаланади. У «Бенфика» яримҳимоячиси Рафа Силва (12+11)
- «Ливерпул» ҳимоячиси ван Дейк Терри ва Компанидан кейин икки бор Лига кубоги финалининг энг яхши футболчиси деб топилган 3-футболчи бўлди.
- А серияда «Каляри» 90-дақиқадан кейин урилган голлар эвазига 7 очко ишлаган ва бу борада тенгсиз.
- Бундеслиганинг 23-турида 18 жамоа ҳам камида биттадан гол урди. Охирги бор бир турда барча жамоалар гол уриши 2021/22 йиллар мавсумининг сўнгги турида кузатилганди.
- Нидерландия чемпионатининг жорий мавсумида «Аякс» сафида 34 футболчи майдонга туширилган ва бу амстердамликлар тарихидаги энг юқори кўрсаткич саналади.
- Рафаэл Леау «Милан» сафида 42-голини ургач, А серияда энг кўп гол урган португалиялик футболчилар рўйхатида Руй Кошта билан биринчи ва иккинчи ўринларни бўлишиб турибди.
- 23 турдан кейин 49 очко — «Порту»нинг сўнгги ўн йилликдаги энг ёмон натижаси.
- Яго Аспас «Селта» сафидаги 150-голини урди. Айни вақтда ушбу форвард — ла лигада сўнги ўн мавсумда камида 10 тадан гол урган ягона футболчи.
Мавзуга оид
12:14 / 08.06.2026
Перес сайловда ғалаба қозонди
21:55 / 05.06.2026
«Реал» жиддий қайта қуриш даврига кирмоқда
12:04 / 04.06.2026
«Реал» тарихидаги асосий таҳдидни тўхтатиш керак». Пересни жангга чорлаган ким?
12:01 / 25.05.2026