Жаҳон | 09:39 / 29.02.2024
6179
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Олий суди Трампнинг дахлсизлиги масаласини кўриб чиқади

АҚШ Олий судида Доналд Трампнинг суд таъқибидан дахлсизлигини тиклаш бўйича эшитувлар 22 апрел куни бошланади. 2021 йил январида Капитолийга ҳужум уюштирилгани бўйича собиқ президент устидан суд жараёни тўхтатилди.

Фото: Scott Olson/Getty Images

28 феврал, чоршанба куни АҚШ Олий суди мамлакат собиқ президенти сифатида Доналд Трампнинг жиноий жавобгарликка тортилишдан дахлсизлик сўраши ҳақидаги даъвосини кўриб чиқишга рози бўлди. Трампнинг шикояти бўйича оғзаки эшитув 22 апрелга белгиланган. Ягона савол: «Собиқ президент лавозимида бўлган вақтида расмий хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ ишлар учун жиноий жавобгарликка тортилмайдими ва агар шундай бўлса, қай даражада».

Шу тариқа, 2021 йил 6 январда Капитолийга ҳужум муносабати билан Трампга қарши асосий суд жараёни тўхтатилди.

6 феврал куни Колумбия округи федерал апелляция суди Трамп Капитолийга ҳужум ва президентлик сайлови натижаларига ноқонуний таъсир кўрсатишга уриниш бўйича жиноий ишда жавобгарликка тортилишдан иммунитетга эга эмаслиги ҳақида қарор чиқарди. «Ушбу жиноий иш контекстида собиқ президент Трамп бошқа жиноий айбланувчилар билан бир хил ҳимоя ҳуқуқига эга бўлган фуқаро Трампга айланди. Бироқ, президент лавозимида ишлаган вақтида уни ҳимоя қилган ҳар қандай иммунитет энди уни бу таъқибдан ҳимоя қилмайди», дейилади суд хулосасида.

Бир неча кундан сўнг Трамп мамлакат Олий судидан дахлсизлигини тиклашни ва ушбу суд қарорини тўхтатиб туришни сўради. Янги президентлик муддатига даъвогарлик қилаётган Оқ уй собиқ раҳбарининг адвокатлари ўз сўровида, хусусан, бир ойлик жиноий суд жараёнини ўтказиш «президент Трамп ва ўн миллионлаб одамларнинг манфаатларига дарҳол тузатиб бўлмайдиган зарар етказиш билан таҳдид қилишини» таъкидлади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид