Энди ҳайдовчиларга махсус марказларда давлат рақам белгиси ва қайд этиш гувоҳномасини бериш билан бирга транспорт воситасидан экологияга чиқаётган зарарли моддалар миқдори ҳам текширилиши, унинг натижасидан келиб чиқиб, махсус экология стикерини бериш ҳам йўлга қўйилади.

Рўйхатга олиш - диагностика маркази деб номланадиган бундай объектларда ҳайдовчиларга хизмат кўрсатиш жараёни автоматлаштирилган тарзда, тезкор амалга оширилади.

Дастлаб, давлат хизматларидан фойдаланиш учун келган транспорт воситалари кириш қисмидаги йўлаклар бўйлаб, тартибли ҳаракатланади.

Стационар камералар ҳар бир автомобилнинг давлат рақамини қайд этади ва ягона ахборот тизими билан таққослайди.

Фото: Президент матбуот-хизмати

Қарздорлиги бўлган ёки тақиқ мавжуд бўлган транспорт воситалари алоҳида йўлак орқали маъмурий бинога йўналтирилади. Бошқа транспорт воситалари электрон навбатга бириктирилади ва кейинги блокка йўналтирилади.

Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими транспорт воситасининг агрегат ва кузов рақамларининг ҳужжатларга мослигини текширади ва электрон рўйхатга олади.

Диагностика маркази ходими транспорт воситасидан атроф-муҳитга чиқаётган зарарли моддалар миқдорини текширади. Ҳайдовчига тўловни амалга ошириш ҳақида SMS хабар юборилади.

Транспорт воситаси кейиги босқичга ўтиш учун кутиш майдонига йўналтирилади. Навбати етиб келгач, тайёр ҳужжатларни олиш учун махсус йўлакка йўналтирилади.

Фото: Президент матбуот-хизмати

Сўнгра, экологик экспертиза натижасидан келиб чиқиб, ҳайдовчига қизил, сариқ ёки яшил стикер берилади. У автомобилнинг олд ойнасига ёпиштирилади. Қайд қилинишича, барча жараён тахминан 15 дақиқа вақт олади.

Келгусида жорий экологик вазиятдан келиб чиқиб, шаҳарлар ҳудуди бир нечта экологик зоналарга ажратилади. Бунда транспорт воситаларининг ҳавога чиқараётган зарарли моддалари даражасига кўра (стикер рангига қараб) айрим экологик зоналарга кириши чекланади. Яъни яшил ҳудудларга фақат яшил стикерли машиналар киради ва ҳ.к.