Россия қўшини Киевга дронлар билан зарба беришда давом этмоқда. 1 октябр куни дронлардан бири Соломенск районидаги мактаб биносига келиб урилди. Бу вақтда ўқувчилар ертўладаги бомбапанагоҳларга тушишга улгурганди ва жабрланганлар бўлмаган.

Кундузи РФ ҳарбийлари кенг кўламли уруш бошидан буён илк бор Киевдаги кўприкларни нишонга олиб ҳужум қилишга киришган. Кун давомида Жанубий кўприкка уч бор зарба берилган – бу кўприкда автомобиллардан ташқари метро ўтадиган йўл ҳам бор.
Портлаш тўлқини туфайли шу вақтда кўприкдан ўтаётган поезд вагонларига вентиляция орқали чанг кирган. Йўловчилар жабрланмаган, поезд ҳам шикастланмаган, бироқ қўшимча кўрикдан ўтказиш учун депога юборилган.
Аввалига кўприк бўйлаб метро ва автобуслар ҳаракати тўхтатилди. Киев шаҳри ҳарбий маъмурияти маълумотларига кўра, метро поездлари фақат «Сирец» ва «Видубичи» ҳамда «Осокорки» ва «Красний хутор» станциялари ўртасидаги ер ости участкалари орқали ҳаракатланади. Автобус йўналишлари вақтинча ўзгартирилди.
Мутахассислар зарбалардан етказилган зарарни баҳолаш учун кўприкни кўздан кечиришмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, «кўприк устуни, йўл четидаги тўсиқ, йўл қатлами ва метрополитеннинг ҳимоя бетон қатлами шикастланган».

2 октябр тонгида Патона кўприги бўйлаб ўнг соҳилдан чап соҳилга олиб ўтувчи йўлда, шунингдек, Метро кўпригида транспорт воситалари ҳаракати чекланди. Натижада шаҳарда улкан тирбандликлар юзага келди. 2 октябр куни кундузи Патона кўпригида иккитомонлама ҳаракат тикланди, аммо унга ҳозирча фақат Микола Михновский булвари томондан кириш мумкин. Киев мудофаа кенгаши шошилинч йиғилиш чақирган, унда шаҳарнинг чап ва ўнг соҳилдаги қисмларини ўзаро боғловчи кўприкларда ҳаракатни қандай ташкил этиш масаласи муҳокама қилинади. Днепр дарёсида транспорт учун ерости ўтиш туннели мавжуд эмас.










