Сурхондарёда автобусни олиб қочган шахс жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмига кўра, 1966 йилда туғилган З.К. 2026 йил 26 июн куни эрталаб туманнинг Навбаҳор маҳалласи ҳудудидаги тўйхонага тўйга борган. У ерда спиртли ичимлик истеъмол қилган З.К. тўйхонадан чиқиб, ўша атрофда эшиги очиқ ҳолатда турган ва калити ҳам ўзида бўлган Isuzu автобусини ҳайдаб, олиб қочган.

Автобус Ангор тумани ободонлаштириш бошқармасига тегишли бўлган. Унинг ҳайдовчиси ишчиларни ташиб келган ҳамда автобус эшигини очиқ қолдирган ҳолда ўзи ишчилар олдига кетган бўлган.

“Калит автобусда эди, ўзим ишчилар олдида эдим. Шу пайт автобусни бегона шахс ҳайдаб кетаётганини кўриб қолдим. У узоқлашиб кетгани сабабли тўхтата олмадим. Дарҳол “102”га хабар бердим. Шундан сўнг ЙҲХ инспекторлари автобусни Музработ тумани ҳудудида тўсиб тўхтатишди”, деган судда гувоҳ сифатида сўралган автобус ҳайдовчиси.

З.К. қочиш жараёнида ҳатто транспорт воситасини қарама-қарши йўналишда бошқарган. У судда айбига иқрорлик билдириб, ўша куни мастлиги сабабли ҳеч нарсани эслай олмаганини айтган.

“Ўша куни опам қизини турмушга берди. Шунга тўйга келгандим. Тўйда алкогол маҳсулотларини истеъмол қилдим. Тўйхонадан чиққанимда ташқари иссиқ бўлгани учун маст бўлиб қолдим. Шундан сўнг нима бўлганини билмайман. Эртаси куни ўзимга келганимда ИИБ ходимлари автобусни олиб қочганимни, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланганимни ҳамда инспекторлар йўлимни тўсиб тўхтатишганини айтишди. Кўп миқдорда спиртли ичимлик ичганим сабабли бу ҳаракатларимни эслай олмайман”, деган эркак ўз кўрсатмасида.

З.К. қилган ишидан пушаймон эканини билдириб, суддан енгиллик сўраган.

ЖИБ Ангор туман суди ҳукми билан З.К. Жиноят кодексининг 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Эркак суд залидан қамоққа олинган.