Фарғона вилояти Сўх туманида 5-синф ўқувчиси кўчада автомобил ҳайдаётгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мазкур видео юзасидан ўрганиш ишлари олиб борди. Маълум бўлишича, ушбу транспорт воситасини Сўх туманидаги 11-сонли умумтаълим мактабининг 5-синф ўқувчиси бошқаргани аниқланган. Tracker унинг отасига тегишли бўлган. Транспорт воситаси отаси иштирокида жарима майдончасига қўйилган.
Ҳолат юзасидан вояга етмаган боланинг отасига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) ҳамда 135-моддаси (Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) 2-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
135-модданинг 2-қисмига кўра, БҲМнинг 5 баравари (2,2 млн сўм), 47-модда бўйича эса БҲМнинг 1−5 баравари (440 минг сўмдан 2,2 млн сўмгача) миқдорида жарима белгиланган. Яъни, ота энди фарзандининг ушбу қилмиши учун 2 млн 640 минг сўмдан 4 млн 400 минг сўмгача жарима тўлаши мумкин. У билан профилактик суҳбат ҳам ўтказилган.
ЙҲХБ ота-оналарни вояга етмаган фарзандлари автомобил бошқаришига йўл қўймасликка чақирган.

















