Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилояти Уйчи туманидаги “Қумтепа” ёшлар кичик саноат зонасида бўлди.
Маҳаллаларда шаклланган касб-ҳунарларни ривожлантириб, драйверга айлантириш, шу орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Уйчи туманидаги Қумтепа, Деҳқон, Баландариқ ва Жийдакапа маҳаллаларида темирчилик шундай йўналиш.

2021 йилда бу ерда темирчиликка ихтисослашган саноат зонаси ташкил этилиб, хонадонлардаги уста-ҳунармандларга зарур шароитлар яратиб берилди. Уч гектар майдонни эгаллаган мажмуа йўл, энергия, ичимлик ва оқова сув каби барча инфратузилма билан таъминланди. Шу билан бирга, энергия тежамкор усуллар жорий этилиб, қуёш панелларидан самарали фойдаланилмоқда.
Давлатимиз раҳбари бу ерда ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди, темирчи ҳунармандлар билан суҳбатлашди.
Саноат зонасида биринчи босқичда 52 та лойиҳа амалга оширилиб, 1 минг 500 дан ортиқ иш ўрни яратилган. Усталар хомашёни “Азия металл проф” корхонаси ва Тошкент металлургия заводидан олиб, темирдан дарвоза, эшик, сўри, панжара ва бошқа металл буюмлар ишлаб чиқармоқда.

Жойларда бу маҳсулотларга талаб юқори. Шу боис тадбиркорлар барча вилоятларда ўз савдо уйлари ва ишлаб чиқариш филиалларини очган. Бундан ташқари, қўшни давлатларга 1,2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
Иккинчи босқичда яна 45 та лойиҳани амалга ошириш, 1 минг 330 та қўшимча иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Президентимиз мутасаддиларга саноат зонаси майдонидан самарали фойдаланиш, ёшларни ва ишсиз фуқароларни ҳунарга жалб этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Шу ерда маҳаллабай ишлаш орқали ишсизликни камайтириш бўйича вазифалар муҳокама қилинди.
Сайхунобод тажрибаси асосида 14 та тумандаги 788 та маҳаллага иқтисодий идораларнинг раҳбар ва масъул ходимлари бириктирилган. Улар “маҳалла еттилиги” билан бирга 557 минг хонадондаги имкониятларни ўрганган.


















