Наманганда болаларнинг заҳарланиши ҳолатига нима сабаб бўлгани ҳамон очиқ қолмоқда. Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов шу йил 26 сентябр куни ОАВ ходимлари учун “ёпиқ тарзда”(маълумотлари ошкор қилинмаслик шарт билан) ўтказилган йиғилишда заҳарланган болаларнинг барчаси соғайиб, уйига қайтганини, ҳолат тўлиқ ўрганиб чиқилганини ҳамда “эртаси куни шу масалада катта матбуот анжумани ўтказилиб, барча саволларга жавоб берилишини” маълум қилганди. Аммо вазир ваъда қилган тадбир бўлмади, саволлар ҳали ҳам жавобсиз қолмоқда.

Текшириш натижалари нима бўлди?

20 сентябрдан Ўзбекистонда “Ёрқин миллат” дастури бўйича болаларни йод билан таъминлаш ишлари бошланганди. Йод препаратлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизими орқали 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган барча болалар учун бепул тақдим этилиши кўзда тутилганди.

21 сентябр куни Наманган вилояти Чуст туманидаги боғчанинг айрим тарбияланувчилари орасида тана ҳарорати кўтарилиши, қусиш, қорин оғриғи аломатлари кузатилгани хабар берилди. Дастлабки шикоят бўйича 5 нафар бола шифохонага олиб келинган. Сўнгра жами 71 нафар боланинг соғлиғидан шикоятлар қайд этилган ва улар тезкорлик билан шифохонага ётқизилган.

Кейинчалик Наманганда 450 нафар бола касаллангани маълум бўлди. Бунинг ортидан мактаб ва боғчаларга тарқатилган йод препарати истеъмоли тўхтатилди ҳамда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Антиструмин каррасига қиммат харид қилинганмиди?

Kun.uz киритган ҳужжатдан кўринишича, Соғлиқни сақлаш вазирининг 2023 йил 5 апрелдаги буйруғи асосида 2023 йил республика бюджети ҳисобидан 15 млрд 275 млн сўмга йод препарати харид қилиш режалаштирилган.