16:54 / 29.05.2024
11741

Халқ банкининг собиқ бош офиси қарийб 120 млрд сўмга сотилди

Ресторан бизнеси билан шуғулланувчи “Oasis Samarkand” компанияси бинони 119,7 млрд сўмга сотиб олди. Икки иштирокчи ўртасида ўтган аукционда фақат ушбу компания таклиф берган.

Фото: E-auksion

24 май куни E-Auksion сайтида Халқ банкининг собиқ бош офиси биноси сотуви якунланди. Қатортол бозори яқинида жойлашган объект, Oasis Samarkand компаниясига, 119,7 млрд сўмга сотилди. Бунга Spot.uz нашри эътибор қаратди.

Бино банк кузатув кенгашининг 2024 йил бошидаги қарорига мувофиқ онлайн аукционга қўйилган; бошланғич нархи – 114 млрд сўм бўлган. Савдо ошириб бориш услубида ўтказилган.

Аукцион 15 дақиқа давом этган, унда икки иштирокчи қатнашган. “Oasis Samarkand” таклиф берган ягона иштирокчи бўлиб, бошланғич нархдан 5 фоиз юқори нарх, 119,71 млрд сўм таклиф билан ғолиб бўлган.

Очиқ маълумотларга кўра, ғолиб “Oasis Samarkand” МЧЖ 2013 йилда Самарқанд шаҳрида ташкил қилинган. Фаолияти – ресторанлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиш бўйича хизматлар кўрсатиш, устав фонди – 2,26 млрд сўм. Компаниянинг 100 фоиз улушдори – Далеров Амир Дилшодович.

Бино 1995 йилда қурилган бўлиб, Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Қатортол кўчасида жойлашган. Ер участкасининг умумий майдони 0,5 гектар бўлиб, олти, беш ва икки қаватли учта офис биноларини ўз ичига олади. Биноларнинг умумий майдони 9242 квадрат метрни ташкил қилади. Бино билан бирга умумий қуввати 50 kW/h қуёш панеллари ҳам сотилган.

Top