Тошкент шаҳри Сергели туманида жойлашган ҳаво кемаларига ёнилғи қуйиш мажмуасини харид қилишга 5 нафар инвестор қизиқиш билдирди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар бермоқда.
Қумариқ кўчаси 33а-уй манзилида жойлашган мажмуанинг сотув жараёни сентябр ойида бошланган эди. Хусусийлаштириш бўйича консултант сифатида Ernst & Young жалб этилган.
Давактив хабарига кўра, дастлабки босқичда консултант маркетинг ва тарғибот ишларини олиб борган, жумладан, салоҳиятли инвесторларга инвестиция тизерлари юборилган. Белгиланган муддат – 2026 йил 23 октябрга қадар консултантга 5 та инвестор томонидан қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалар келиб тушган.
Ernst & Young келиб тушган аризаларни аввалдан белгиланган қуйидаги мезонлар асосида ўрганиб чиқади:
талабгорларнинг молиявий имкониятларининг етарлилиги;
жиноий даромадлар ва терроризмни молиялаштиришга қарши қонунчиликка риоя этилиши;
талабгорларнинг Европа Иттифоқи, АҚШ ва халқаро молия институтлари санксия роʻйхатларига киритилмаганлиги.
Бу мезонларга тўлиқ мувофиқ деб топилган талабгорлар хусусийлаштириш жараёнининг кейинги – мажбуриятга эга таклифларни қабул қилиш босқичида иштирок этишга таклиф қилинади.
Uzbekistan Airports хабарига кўра, 2026 йилнинг январ-сентябр ойларида пойтахт аэропорти 8,5 млн йўловчига ва 62,5 мингта рейсга хизмат кўрсатган. Бир йил аввалги қараганда йўловчилар оқими 16 фоизга, рейслар сони 7 фоизга ошган.
Аввалроқ Ўзбекистон Грузия, Ироқ ва бошқа давлатлардан авиакеросин импортини йўлга қўйгани хабар қилинганди.












