Ёз мавсумидаги иссиқ ҳаво шароитида ҳар қандай маҳсулот тез бузилиши мумкин. Шу сабабли уларни сотиш ва сақлашга қўйиладиган талаблар мавжуд. Hudud24 гўшт, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олаётганда нималарга эътибор бериш керак, уларни сақлаш, сотишда қонунчиликда қандай талаблар белгилангани ҳақида маълумот берди.

1. Гўштни кўча ҳароратида илгакларга илиб сотиш тақиқланади

Сўйиладиган ҳайвонлардан олинадиган гўшт ва гўшт маҳсулотларини тегишли шароитлар яратилган бозор, савдо объектлари ва турғун савдо шоҳобчаларида сотишга рухсат берилган. Гўштни кўчаларда ҳамда савдо объектлари ва савдо шаҳобчалари ичида хона ёки кўча ҳароратида илгакларга илинган ҳолда сотиш, сақлаш қатъиян тақиқланади.

Ҳайвонлар гўштини сотишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:

- уларнинг сўйилиши ихтисослаштирилган ва мини сўйиш корхоналарида амалга оширилган бўлса;

- гўшт сотиш учун тегишли барча шароитлар, шу жумладан совутгичли махсус расталар ташкил этилган бўлса;

- ветеринария ҳужжатлари мавжуд бўлса;

- ветеринария-санитария жиҳатидан хавфсизлиги кафолатланган гўштларнинг ягона электрон маълумотлар базасига киритилган бўлса.

2. Патлари юлинмаган парранда ва қушларни сотиш мумкин эмас

Қуйидаги ҳолларда гўшт маҳсулотларини сотишга рухсат берилмайди:

- сўйилиши ихтисослаштирилган ва мини сўйиш корхоналарида амалга оширилмаган бўлса;

- гўшт ва гўшт маҳсулотларини ташиш учун белгиланмаган транспорт ёрдамида етказиб берилган бўлса;

- ветеринария ҳужжатлари бўлмаса;

- ветеринария-санитария экспертизасининг хулосаси (маълумотномаси) бўлмаса;

- оёқлари ва бош қисми жун билан бирга бўлса, шунингдек парранда ва қушларнинг патлари юлинмаган бўлса;

- хона ёки кўча ҳароратида илгакка осилган ёки ерга (очиқ раста устига) очиқ ҳолда қўйилган ҳолатда бўлса;

- ветеринария-санитария жиҳатидан хавфсизлиги кафолатланган гўштларнинг ягона электрон маълумотлар базасига киритилмаган бўлса.