Sky News: Украина самолёти биринчи марта Россия ҳудудидаги нишонга зарба берди
Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари Белгороддаги «Россия қўмондонлик маркази»га тўғридан тўғри зарба берди, деб даъво қилмоқда Британия телеканалининг аноним суҳбатдоши.
Украина ҳарбий самолёти биринчи марта Россия ҳудудида жойлашган нишонга зарба берди. Бу ҳақда 9 июн, якшанба куни Британиянинг Sky News телеканали украиналик ҳарбий манбага таяниб хабар тарқатди.
Телеканал суҳбатдошига кўра, Белгород ҳудудидаги «Россия қўмондонлик маркази» зарбага учраган. Ушбу ҳужумда қандай турдаги ўқ-дорилар қўллангани ва Ғарб қуролларидан фойдаланилгани масаласи ҳозирча ошкор этилмади.
Россияда қандай нишон мўлжалга олинди?
«Украина Ҳаво кучлари миссияси Белгороддаги Россия қўмондонлик марказига зарба берди, - деб хабар қилди Британия телеканали. - Зарар ҳали баҳоланмоқда, бу Украина Ҳаво кучлари томонидан Россия ҳудудидаги нишонга қарши отилган биринчи ўқ-доридир».
Франция ва АҚШ Украинанинг Россияга зарбалари ҳақида
Аввалроқ АҚШ ва Франция Киевга ушбу давлатлар Украинага тақдим этган қуроллардан Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга зарба йўллаш, хусусан, Украинага ҳужумлар амалга оширилаётган Россия ҳарбий базаларини «зарарсизлантириш» учун фойдаланишга рухсат берган эди.
АҚШ президенти Жо Байден Харкив шаҳрини ҳимоя қилиш учун АҚШ томонидан тақдим этилган қуроллардан фойдаланишни маъқуллади. «Лорд (Дэвид) Кэмерон - Британия ташқи ишлар вазири - аниқ фикр билдирмади, фақат Британия қуролларидан қандай фойдаланишни ҳал қилиш ҳуқуқи украинларда қолишини айтиб ўтди. Бу, жумладан, Украина қирувчиларидан учирилиши мумкин бўлган Storm Shadow қанотли ракеталарига ҳам тегишли», деб эслатади Sky News.
9 июн куни Россия Мудофаа вазирлиги Telegram’да Белгород вилояти осмонида жами бешта учувчисиз учиш аппарати ва битта «Нептун-МД» ракетаси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан йўқ қилингани ҳақида хабар берди.
Ўз навбатида, Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков Telegram’да 9 июн куни Борисов туманида учувчисиз учоқ ҳужуми оқибатида уч нафар россиялик ҳарбий яраланганини маълум қилди. Бундан ташқари, Гладков кун давомида бир неча марта Белгород ва минтақанинг бошқа аҳоли пунктларига ракета таҳдиди ҳақида хабар берган.
Мавзуга оид
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
20:38 / 21.12.2024
Курск областининг Рилск шаҳри ўққа тутилди
18:44 / 21.12.2024