Жаҳон | 13:12 / 17.06.2024
2792
3 дақиқада ўқилади

Канада Украинага 38 млн долларлик ёрдам пакетини тақдим этади

Канада бош вазири Жастин Трюдо Швейцариядаги саммитда маълум қилишича, мамлакат Украинага 38 миллион долларлик ёрдам пакетини тақдим этади. Бу маблағлар Украина энергетика инфратузилмасини тиклаш ва гуманитар мақсадлар учун йўналтирилади.

Фото: Getty Images

Канада Украинага 52,4 миллион доллар (38 миллион АҚШ доллари) миқдорида ёрдам пакетини тақдим этади. Бу ҳақда Канада бош вазири Жастин Трюдо 16 июн, якшанба куни Швейцариядаги Украина бўйича тинчлик конференциясининг иккинчи кунида айтиб ўтди.

Канада бош вазирининг сайти хабар беришича, пакет энг катта қисми – 20 миллион Канада доллари (тахминан 14,5 миллион АҚШ доллари) сўнгги ойларда Россия ҳужумларидан жиддий зарар кўрган Украинанинг энергетика инфратузилмасини тиклашга йўналтирилади. 15,4 миллион Канада доллари (тахминан 11,2 миллион АҚШ доллари) Украинадаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган, бу орқали у Европа Иттифоқига киришга тайёрланади, шунингдек, мамлакат миналардан тозаланади.

Бундан ташқари, 15,4 миллион Канада доллари (тахминан 10,8 миллион АҚШ доллари) урушдан жабр кўрган болалар ва ўсмирларни қўллаб-қувватлаш, депортация қилинган украиналик болаларни ўз ватанига қайтариш учун имкониятлар яратиш, уруш жиноятлари қурбонларига ёрдам кўрсатиш каби инсонпарварлик мақсадларига сарфланади.

Ва ниҳоят, яна 2 миллион Канада доллари (1,45 миллион доллар) Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) ёрдамида Украинадаги атом энергетика иншоотларининг хавфсиз ишлашини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Швейцариядаги тинчлик саммити

Трюдонинг бу баёноти 15-16 июн кунлари Швейцария Бюргеншток курортида бўлиб ўтган Украина бўйича тинчлик саммитида айтилди. 91 иштирокчи давлатдан 78 таси якуний коммюникени имзолади, унда, хусусан, Россиянинг Украинада давом этаётган ҳужуми «катта миқёсдаги инсоният азоб-уқубатлари ва ҳалокатига олиб келиши ҳамда глобал оқибатлар келтириб чиқарадиган хавф ва инқирозларни юзага келтириши» айтилади ва тинчликка фақат барча томонлар иштирокида эришиш мумкинлиги таъкидланади.

Бундан ташқари, ҳужжатда Украина атом электр станциялари, жумладан, Запорижжя АЭС Киевнинг тўлиқ назорати остида ишлаши, Украина Қора ва Азов денгизларидаги денгиз портларига чиқиши ҳамда бу сувларда хавфсиз тижорий навигация имкониятларига эга бўлиши кераклиги таъкидланади. Коммюникеда, шунингдек, барча ҳарбий асирларни алмашиш йўли билан озод қилиш ва Украинадан қочган тинч аҳолининг ўз ватанига қайтиш имкониятини таъминлашга чақирилади. 

АҚШ вице-президенти Камала Харрис саммитнинг биринчи кунида Вашингтон Киевга энергетика инфратузилмасини тиклаш ва гуманитар мақсадлар учун 1,5 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратишини айтди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид