20 июннинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеа-ҳодисалар
Истиқболдаги сув танқислиги ва унинг ечимлари, Фарғонада барпо этиладиган йирик автомобилсозлик мажмуаси, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўлининг молиялаштириш манбалари маълум қилинди.
Ўзбекистонда сув танқислашади
2050 йилга бориб Ўзбекистонда сув танқислиги 15-25 фоизга етиши мумкин
Иқлим ўзгариши оқибатида 2050 йилга бориб, Тян-Шан ва Помир тоғ тизмаларидаги жами музликларнинг 30-50 фоизгача бўлган қисми эриб кетиши ҳамда Марказий Осиё мамлакатларида сувга бўлган талаб 50 фоизгача ошиши кутилмоқда. Бунинг оқибатида Ўзбекистонда сув танқислиги ўртача 15-25 фоизга, чўлланиш даражаси эса 123 млн квадрат метрга етиши мумкин.
Олимларга кўра, сув тақчиллигининг ортиши Германия, Япония, Хитой каби мамлакатларда ўсимликларни парвариш қилишда жорий этилган турли хил ноанъанавий сув тежовчи технологияларни юртимизда ҳам жорий этишни тақозо этмоқда.
Ўзбекистондаги ўртача маош
Ўзбекистон иш ҳақи даражаси бўйича дунёда 119-ўринни эгаллади. Мамлакатда ўртача иш ҳақи 351 долларни ташкил этади. МДҲ давлатлари орасида Ўзбекистон 8-ўринда қайд этилди.
Энг юқори кўрсаткич Россияда қайд этилди – 2159 доллар. Ундан кейинги ўринларни 673 доллар билан Қозоғистон, 654 доллар билан Туркманистон, 621 доллар билан Беларус, 541 доллар билан Арманистон, 508 доллар билан Молдова ва 494 доллар билан Озарбойжон эгаллаган.
Ўзбекистондан қуйида 228 доллар билан Қирғизистон ва 169 доллар билан Тожикистон жой олган.
Дунёдаги энг юқори иш ҳақи, рейтингга кўра Швейцарияда кузатилган – 8100 доллар. Энг паст маош эса Лесотода — 24 доллар.
Фарғонада йирик автомобилсозлик мажмуаси
China Xiaou Group 1,5 млрд долларлик тўғридан тўғри Хитой инвестицияси ҳисобига Фарғона вилояти ҳудудида 3 босқичда йирик автомобилсозлик мажмуаси барпо этиш лойиҳасини амалга оширади.
Бунга вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров бошчилигидаги расмийлар ҳамда тадбиркорларидан иборат делегациясининг Хитойга ташрифи давомида компания билан музокараларида келишувга эришилган.
Лойиҳанинг дастлабки босқичида 50 млн доллар инвестиция ҳисобига йиғиш, бўяш, созлаш линияларини йўлга қўйиб, йилига 60 мингта газ, электр ва гибрид моторли автомобиллар ҳамда махсус транспорт воситалари ишлаб чиқарилиши белгиланди.
Иккинчи босқичда 350 млн доллар ва учинчи босқичда 1,1 млрд доллар инвестиция йўналтирилиб, бутловчи қисмларнинг кўпи маҳаллийлаштирилиши ҳамда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар сони 110 мингтага етказилиши кўзда тутилган. Лойиҳа 5 йил давомида тўла якунланиши режалаштирилган.
Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўли
Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўли қай тартибда молиялаштирилиши эълон қилинди. Лойиҳанинг умумий қиймати 4,7 млрд долларни ташкил этади. Шундан 2,35 млрд доллар иштирокчи давлатлар томонидан уларнинг лойиҳадаги улушларига мувофиқ тақсимланади. Хусусан, Хитой 1,18 млрд доллар, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг ҳар бири 573 млн доллардан сармоя киритиши лозим.
Қолган 2,35 млрд доллар Хитой банклари томонидан ажратиладиган нотижорат кредит ҳисобидан молиялаштирилади. Ҳозирда бу борада Хитой Эксимбанки ва ХХР Миллий банки билан музокаралар олиб бориляпти.
Темирйўл қурилиши 6 йил давом этиши кутилмоқда. 2024 йил 6 июн куни Пекинда темирйўл қурилиши бўйича имзоланган битимга мувофиқ, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўли Қашғар – Торугарт – Макмал – Жалолобод – Андижон йўналиши бўйлаб ўтади.
Жазирама иссиқлар бошланмоқда
«Ўзгидромет» 21 июн, жума куни кузатиладиган об-ҳаво тўғрисида маълумот берди. Республиканинг кўпгина вилоятларида ҳавонинг ҳарорати кечаси +22...+27, кундузи +34...+39 даража атрофида бўлади. Бухорова Навоий, шунингдек, жанубий вилоятларда ҳаво +41 даражагача исиши кутилмоқда.
Шунингдек, 21-24 июн кунлари кутилаётган ёмғирлар ёғиши сабабли республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқини ҳодисалари юзага келиши мумкинлиги хабар қилинди.
Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Тошкент, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларининг тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёт чораларини кўриш сўралган.
Сувда оқиб кетганлар
Ёзнинг жазирамали кунларида чўмилишда эҳтиётроқ бўлиш талаб этилади.
Тошкент шаҳрида Бўрижар каналига чўмилишга борган сурхондарёлик 20 ёшли талаба чўкиб кетди. Жаҳон тиллари университети 3-босқич талабаси каналга тушгач, кучли оқим туфайли сувдан қайтиб чиқа олмагани айтилмоқда. Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари унинг жасадини уч соатда топишган.
Чирчиқ дарёсида эса ҳушсиз ҳолда оқиб кетаётган фуқаро қутқариб қолинди. У балиқ тутиш мақсадида дарёга борганда оёқ кийими сувга тушиб кетган ва уни оламан деб тушган вақтда мувозанатни йўқотиб, ўзи ҳам тез оқаётган дарёда оқиб кетган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, қутқарувчилар зудлик билан қутқариш ишларини олиб бориб, ушбу фуқарони сувдан олиб чиққан ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатган.
Мавзуга оид
21:41 / 22.11.2024
22 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:40 / 21.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
19:49 / 20.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:05 / 19.11.2024