Қайд этилишича, кейинги йилларда “Янги Ўзбекистонга – янги ва замонавий тиббиёт” деган ғоя асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли соҳага ажратилаётган маблағлар ҳажми 7 баробар кўпайтирилиб, жорий йилда 49 триллион сўмга етказилди. Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланиб, уларнинг фаолиятига энг замонавий диагностика ва даволаш технологиялари, инновацион ёндашувлар кенг татбиқ қилинмоқда.
Жойларда бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш бўйича янги модел босқичма-босқич жорий этилмоқда.
“Инфаркт ва инсултга қарши курашиш, онкологик ва гематологик касалликларни эрта босқичда аниқлаш, паллиатив ёрдамни ривожлантириш борасида илк бор ўз миллий тизимимиз барпо этилгани ҳам диққатга сазовордир.
Поликлиника ва шифохоналар, хусусий клиника ва дорихоналарни ягона рақамли тизимга бирлаштирганимиз, DMED электрон ахборот тармоғи орқали 38 миллиондан зиёд аҳолининг тиббий картаси яратилгани, “Электрон поликлиника”, “Электрон шифохона”, “Электрон рецепт” тармоқлари йўлга қўйилаётгани хизмат кўрсатиш сифати ва самарасини тубдан оширмоқда. Энди, сунъий интеллектни шифокор ва ҳамшираларга хизмат қиладиган кўмакчига айлантириб, бу тизим имкониятларини янада кучайтирамиз.
Давлат тиббий суғуртаси доирасида “Маблағ бемор ортидан боради” тамойили жорий этилгани, молиялаштиришда янги механизмлар шакллангани, реимбурсация дастури асосида аҳолига бепул бериладиган дори воситалари кўлами кенгайтирилгани ҳам муҳим ўзгаришлар қаторига киради. Шу йил охиригача барча ҳудудларда суғурта механизмларини тўлиқ йўлга қўйиб, аҳолини кафолатланган тиббий ёрдам билан қамраб олишни режа қилганмиз”, дейилади табрикда.
Таъкидланишича, асосий мақсад – қаерда яшаши ва ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, ҳар бир инсон вақтида сифатли ва малакали тиббий ёрдам олиш имконига эга бўлишига эришишдан иборат.
“Таълим ва илм-фан ривожига қаратилаётган эътибор туфайли 2017 йилдан буён тиббиёт олийгоҳларига қабул квотаси 4,5 карра кўпайди. Уларнинг 40 та таълим дастури халқаро аккредитациядан ўтказилди. Илгари бу олийгоҳларга 4 та давлатдан талабалар келиб ўқиган бўлса, ҳозир бу рақам 41 тага етди, чет эллик талабалар сони эса 15 минг нафардан ошди.
Келгуси йилдан тиббиёт ва фармацевтика ходимларини халқаро стандартларга мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказиш тизими йўлга қўйилади. 2027–2028 ўқув йилидан бошлаб тиббиёт мутахассисларини тайёрлаш тўлиқ резидентура дастурлари орқали амалга оширилади.









