Франция парламентига сайловларда ҳеч бир партия 50 фоиздан кўп ўрин олмади, энди ҳукуматни шакллантириш учун коалиция тузишга тўғри келади. Ички сиёсатни юритишда бош вазирнинг ўрни катта ва у президентга эмас, парламентга ҳисобдор, шу сабабли агар янги бош вазир Макроннинг партиядоши бўлмаса, Франция шартли равишда парламент республикасига айланади, дейди Kun.uz билан суҳбатда таҳлилчи Ҳумоюн Бобоев.

Францияда 30 июн кунги парламент сайловларининг 1-турида ҳеч бир партия 50 фоиздан кўп ўринни ололмаган эди. Шу сабабли 7 июл куни 2-тур бўлиб ўтди.

Кўпчилик 1-турда энг кўп овоз олган мухолифатчи Марин Ле Пеннинг партияси ғалабасини тахмин қилганди. Экзит-полл натижалари ҳам шуни кўрсатган.

Лекин биринчи ўринни сўллар ва яшилларнинг алянси – “Янги халқ фронти” эгаллади. Иккинчи ўринни – амалдаги президент Макрон бошчилигидаги марказчилар, яъни парламентдаги яккаҳукмронлигини бой берган “Биргаликда” блоки банд этди. Ўта ўнгчилар Марин Ле Пен ва Жордан Барделланинг “Миллий бирдамлик” (ёки “Миллий бирлашув”) партияси учинчи бўлди.

Сайлов натижалари эълон қилингач, ҳукумат раҳбари – шу йил январида Франция бош вазири этиб тайинланган Габриел Аттал истеъфога чиқишини маълум қилди.

Эммануэл Макрон навбатдан ташқари сайловни Европарламентга бўлган сайловларда Франциядан ўта ўнгчилар ғалаба қозониши ортидан эълон қилган эди. “Paris-Nanterre” университети магистранти Ҳумоюн Бобоевнинг Kun.uz билан суҳбатда айтишича, президент пухталик билан сайловда ўта ўнгчилар ғалабасига қўйиб беришни истаган бўлиши мумкин. Бу эса 2027 йилги президентлик сайловида унинг партиясига қўл келарди.

“Президент Макрон халқ ким томонида эканини шу он аниқлаймиз, деди. Лекин мана, сайловдан кейин у танқидлар остида. Чунки на ҳукумат тузилиши, на ким билан коалиция тузиш маълум эмас. Шундай бўлса-да, Макроннинг бу иши тўғри. У агар сайловни ўтказмаса, навбатдаги уч йилни танқидлар остида яшарди. Халқ, медиа ва айниқса, ўта ўнгчилар уни қўрқоқликда айбларди.

Бундан ташқари, агарда ўта ўнгчилар шу гал ғалаба қозонганда 3 йил ҳукуматни бошқарар эди. 2027 йилга келиб эса Макрон уларни ҳеч нима қилолмаганликда айбларди”, – дейди Ҳумоюн Бобоев

Энди француз сиёсий тизими олдида коалицион ҳукумат тузиш вазифаси турибди. Бу эса осон эмас.

Макрон ўта ўнгчилар билан ишламайди, чунки икки томон ғоявий душман. Бироқ сўллардаги асосий куч – “Бўйсунмас Франция” партияси ҳам аллақачон Макрон билан ишламаслигини маълум қилган. Шундай шароитда, қолган партиялар билан ишлаш ва тезроқ ҳукумат тузиш вазифасини уддалаш керак.