Иқтисодиёт | 15:30 / 18.07.2024
511
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Туркманистонни мултимодал транспорт йўлакларига қўшишни режалаштиряпти 

Тошкент шаҳрида Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркманистон қўшма комиссиясининг 18-йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, тадбирга Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Туркманистон вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари Ботир Атдаев ҳамраислик қилди. Унда икки мамлакат вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари, маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Конструктив фикр алмашиш чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, мавжуд келишувларни амалга оширишнинг бориши муҳокама қилинди, кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришда яхши натижаларга эришилганлиги қайд этилди. Охирги 5 йил ичида товар айирбошлаш ҳажми икки баравар кўпайиб, ўтган йил охирига келиб 1 миллиард доллардан ошди. Шу билан бирга, бор имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, жумладан, Ўзбекистон-Туркманистон чегарасидаги савдо зоналарини ишга тушириш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Томонлар кимё, автомобилсозлик, электротехника саноатида саноат кооперациясини ривожлантиришнинг долзарб масалаларини, шунингдек, ҳудудлараро форуми, Ўзбекистон-Туркманистон ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари ҳамда мамлакатлар ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш учун самарали платформа ҳисобланган савдо-саноат кўргазмалари каби ҳамкорлик форматларини ривожлантириш чораларини кўриб чиқдилар.

Икки мамлакат ўртасидаги транспорт алоқаларини кенгайтиришни назарда тутган ҳолда, транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари алоҳида муҳокама қилинди. Туркманистон томонини амалдаги ва режалаштирилаётган мултимодал транспорт йўлакларига қўшиш ҳамда икки давлат ҳудуди орқали халқаро ташишлар иштирокчилари учун виза тартиб-таомилларини соддалаштириш масалаларини ҳал этиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Томонлар маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини ҳам кўриб чиқдилар. Бу борада қўшма таълим дастурларини яратиш, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрлаш, ўқитувчи ва талабалар алмашинуви, шунингдек, туризмни ривожлантириш бўйича янги ташаббусларни ишлаб чиқиш устувор вазифалардан ҳисобланади.

Учрашув якунлари бўйича томонлар қўшма комиссиянинг 18-йиғилиши якуний баённомасини ҳамда талабга эга бўлган товарлар ва хизматларни ўзаро етказиб бериш учун янги имкониятлар очувчи келишувларни имзолади.

Мавзуга оид