Жаҳон | 15:00 / 20.07.2024
6700
2 дақиқада ўқилади

Россия ва Шимолий Корея ҳарбий соҳада ҳамкорлик зарурлигини тасдиқлади

Шимолий Корея раҳбари Пхенянда Россия Федерацияси мудофаа вазири ўринбосари бошчилигидаги ҳарбий делегацияни қабул қилди.

Фото: AP

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Пхенянда Россия мудофаа вазири ўринбосари Алексей Криворучко бошчилигидаги ҳарбий делегацияни қабул қилди.

Шимолий Корея ахборот агентлиги (ШКАА) хабарига кўра, учрашув чоғида Ким Чен Ин ва Криворучко ўзаро хавфсизлик манфаатларини ҳимоя қилиш учун Шимолий Корея ва Россия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг аҳамияти ҳамда зарурлигини таъкидлаган.

Учрашув Россия президенти Владимир Путиннинг Шимолий Кореяга яқиндаги ташрифи ортидан бўлиб ўтди. 

Кимнинг айтишича, икки давлат ҳарбийлари муносабатларни яхшилаш учун «яқинроқ бирга бўлишлари» керак. 

Путиннинг КХДРга ташрифи

Россия президенти Владимир Путин 19 июн куни КХДРга расмий ташриф билан борди. Ташриф натижасида Москва ва Пхенян ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.

Россия давлати раҳбари Россия Федерацияси ва КХДР ўртасида имзоланган ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги битим иштирокчилардан бирига тажовуз содир бўлган тақдирда ўзаро ёрдам кўрсатишни назарда тутишини айтди, бироқ айни пайтда иттифоқ сўзини ишлатишдан тийилди.

Ўз навбатида, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин шартномани «пакт» деб атади ва икки давлат ўртасидаги муносабатлар янги даврга кираётганини таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид