Жаҳон | 08:39 / 27.07.2024
1313
3 дақиқада ўқилади

Россия Адлия вазирлиги «Рус тилидаги Bild» медиа-лойиҳасини «чет эл агенти» деб тан олди

Россия расмийлари «чет эл агентлари» деб аталмиш рўйхатга Германиянинг Bild таблоиди томонидан рус тилида ишга туширилган медиа-лойиҳани киритди. Беркли университетидан сиёсатшунос Иля Матвеев ҳам чет эл агенти сифатида тан олинди.

Фото: AP

Россия Адлия вазирлиги 26 июл, жума куни «чет эл агентлари» деб аталган рўйхатни яна кенгайтирди. Унинг таркибига аввалроқ Германиянинг Bild таблоиди томонидан ишга туширилган «Рус тилидаги Bild» медиа-лойиҳаси кирди. Адлия вазирлиги сабабларга аниқлик киритмади. Янгиланган рўйхатга Берклидаги Калифорния университети тадқиқотчиси, сиёсатшунос Иля Матвеев ҳам киритилди

«Рус тилидаги Bild» медиа-лойиҳаси Bild нашри янгиликлари ва бошқа материалларнинг рус тилидаги версиясидан ташқари, таниқли россиялик журналистлар ва таҳлилчилар муаллифлик мақолаларини, россиялик мухолифат сиёсатчилари, публицистлари, олимлари ва маданият арбоблари билан интервюларини ҳам нашр этади. Уларнинг кўпчилиги Адлия вазирлиги томонидан «чет эл агентлари» реестрига киритилган, шу жумладан Россиянинг Украинага қарши урушини очиқ қоралагани учун.

Иля Матвеев аввалроқ «Эхо Москвы»нинг доимий шарҳловчиси, бугунги кунда муаллифлик мақолаларини, хусусан, «чет эл агентлари» рўйхатидаги ёки Россия Федерациясида «номақбул» деб тан олинган нашрларда жойлаштиради.

Россияда «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун 

Россияда «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун 2012 йилда пайдо бўлган. Ўшандан бери бир неча юзлаб ташкилотлар ва шахслар тақиқланганлар рўйхатига киритилган. Жисмоний шахслар – «чет эл агентлари» реестри 2022 йил апрел ойи бошида ишга туширилган бўлиб, у ННТ– «чет эл агентлари», ОАВ – «чет эл агентлари» ва рўйхатдан ўтмаган ташкилотлар – «чет эл агентлари» рўйхати билан бир қаторда тўртинчи рўйхат бўлди. 

2022 йил декабр ойидан бошлаб қонун Россия расмийларига кўра, «чет элдан ёрдам оладиган» ва «хорижий таъсир остида» бўлганларни «чет эл агентлари» деб эълон қилиш имконини беради.

2024 йил март ойида Россия президенти Владимир Путин Россия фуқаролари ва компанияларига «чет эл агентлари» ресурсларида – уларнинг веб-сайтларида, ижтимоий тармоқларида, блогларида ва бошқа платформаларида реклама жойлаштиришни тақиқловчи қонунни имзолади. Янги қонун, шунингдек, «чет эл агентлари» ресурсларини оммавий ахборот воситалари ва интернетда реклама қилишни ҳам тақиқлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид