Россия ва айрим Ғарб давлатлари, жумладан, АҚШ ҳамда Германия ўртасида 1 август куни маҳбуслар алмашинуви бўлиб ўтди. Озод этилганлар орасида Wall Street Journal мухбири Эван Гершкович ва АҚШ денгиз пиёдаларининг собиқ ходими Пол Уилан ҳам бор. Битим доирасида Германия россиялик киллер Вадим Красиковни озод этди.

Бир неча кун давомида Россия ва Ғарб давлатлари ўртасида маҳбуслар алмашинуви амалга оширилиши тўғрисида миш-мишлар тарқалди, Россия қамоқхоналарида сақланаётган айрим маҳбуслар номаълум жойга олиб кетилгач, ушбу фаразлар ўз тасдиғини топа бошлади.

Эван Гершкович

 

Камала Ҳаррис, Жо Байден ва Эван Гершкович 
Фото: AP Photo

Америкалик журналист Эван Гершкович Россияда жосусликда айбланиб, 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. Wall Street Journal мухбири хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан 2023 йилнинг мартида, Екатеринбург шаҳрига сафари давомида ҳибсга олинган.

Прокурорлар уни Марказий разведка бошқармасига ишлашда айлаган, бироқ Гершкович, WSJ ва АҚШ ҳукумати ушбу айбловларни рад этган. Бу «Совуқ уруш» якунлангандан бери Россияда америкалик журналист жосусликда илк бор айбланиши эди.

Пол Уилан

 

Пол Уилан \ Фото: AP Photo

54 ёшли Пол Уилан 2018 йили Москвада жосусликда гумонланиб ҳибсга олинган ва 2020 йилда 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этилганди. АҚШ денгиз пиёдалари сафида хизмат қилган Пол тўрт давлат — АҚШ, Канада, Буюк Британия ва Ирландия фуқароси ҳисобланади.

2008 йилда ёмон хулқи учун армия сафларидан бўшатилган Уилан хавфсизлик бўйича консультантга айланган ва иш бўйича Россияга қатнаган. 2018 йилда у Россия ФХХ ходимлари томонидан қўлга олинади ва Москвада «жосуслик қилаётганида ушлангани» айтилади. Унинг оиласи Полга қўйилган айбловни доим рад этиб келган.

Алсу Курмашева