Ўзбекистон ва Озарбойжон президентлари бизнес вакиллари билан учрашди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев икки мамлакат ишбилармонлари билан учрашув ўтказдилар.
Тадбирда Озарбойжоннинг PASHA Holding, SOCAR, SOFAZ, Agalarov Development, Silk Way Group, Matanat, Sarda Group, AzerGold, Azermash, Озарбойжон инвестиция холдинги, "Озарбойжон темир йўллари", "Алят" эркин иқтисодий зонаси ва бошқа етакчи компаниялари раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирок этдилар.
Ўзбекистон президенти ишбилармонларни самимий қутлаб, уларнинг мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий шерикликни кенгайтиришдаги муҳим ўрнини алоҳида таъкидлади.
- Сизлар инновацияларни дадиллик билан жорий этиб, корхоналар ва иш ўринларини яратиб, иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўляпсиз, - деди Шавкат Мирзиёев.
Бундай шаклда илк бор ўтказилаётган тадбир икки мамлакат савдо-иқтисодий ҳамкорлигида янги босқични бошлаб бериши қайд этилди.
Давлат раҳбари бугунги саммитнинг салмоқли натижалари ҳақида мамнуният билан сўзлади. Музокараларда ҳамкорликнинг кенг қамровли кун тартиби муҳокама қилиниб, истиқболли “ўсиш нуқталари” белгилаб олинди. Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди, Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланди.
- Биз давлатлараро ҳамкорликнинг энг юқори босқичига чиқдик ва Ўзбекистон-Озарбойжон муносабатларида амалда янги саҳифа очдик, - деди Ўзбекистон раҳбари.
Музокараларнинг асосий якунлари сифатида мамлакатларимизда бизнес учун янада қулай шароитлар яратиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, биргаликда ташқи бозорларга чиқиш бўйича келишувларга эришилгани таъкидланди.
Сўнгги йилларда бу борада катта ютуқларга эришилди. Товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма корхоналар сони бир неча баробар ошди, қатор кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда, ҳудудлараро алмашинувлар фаоллашди, қўшма Инвестиция компанияси самарали фаолият юритмоқда.
Бундан ташқари, куни кеча ўтган бизнес форумида умумий қиймати 2 миллиард доллардан ортиқ битим ва шартномалар имзоланди.
Президент Ўзбекистон ва Озарбойжон етакчилари томонидан эълон қилинган Иқтисодий кооперация йили доирасидаги муҳим вазифаларни амалга оширишда айнан бизнес асосий драйвер бўлиши ва ҳал қилувчи рол ўйнаши кераклигини алоҳида таъкидлади.
Бу ҳамкорликнинг 20 та устувор йўналиши бўйича истиқболли лойиҳалардир.
- Биз ҳурматли Илҳом Ҳайдарович билан бир фикрдамиз: ҳамкорлик келажаги бизнесга боғлиқ, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларнинг эртанги куни сизларга боғлиқ, - дея хулоса қилди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари тадбиркорларнинг самарали ва қулай фаолият юритиши учун барча зарур шароитлар яратилишини таъкидлади.
Ўз навбатида, икки мамлакатнинг етакчи компаниялари раҳбарлари кўрсатилаётган эътибор учун Ўзбекистон ва Озарбойжон президентларига миннатдорлик билдириб, янги кооперация лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ режалари ҳақида маълумот бердилар.
Учрашув якунида давлат раҳбарлари кооперация лойиҳаларини ишга тушириш маросимида иштирок этдилар.
Тошкент шаҳрида меҳмонхона ва турар жой мажмуаларини барпо этиш, Қашқадарё вилоятида қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, Озарбойжонда тўқимачилик кластерлари ҳамда тикувчилик фабрикасини ташкил этиш ва бошқа лойиҳалар шулар жумласидан.
Президентлар ушбу лойиҳаларга старт берар экан, улар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилишини таъкидладилар.
Мавзуга оид
12:51 / 03.10.2024
Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги товар айланмаси сезиларли тарзда ўсмоқда
16:30 / 01.10.2024
Президентнинг педагоглар билан мулоқоти — устозлар яна қандай имкониятларга эга бўлади?
23:53 / 30.09.2024
Озарбойжонда ўзбекистонлик ҳарбийлар иштирокида «Маҳорат-2024» қўмондонлик-штаб ўқувлари бошланди
21:10 / 30.09.2024