Жаҳон | 13:56 / 29.08.2024
2956
4 дақиқада ўқилади

Курск АЭС жойлашган Курчатов шаҳрига кириш чекланди

Курск вилоятининг Курчатов шаҳрида йўл тўсиқлари ўрнатилиб, киришга рухсат бериш тизими жорий этилмоқда, деди губернатор вазифасини бажарувчи.

Фото: РИА Новости

Расмийлар Курск атом электр станцияси жойлашган Россиянинг Курск вилояти Курчатов шаҳрига киришни чекламоқда. Бу ҳақда 28 август, чоршанба куни минтақа губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов маълум қилди. 

Унга кўра, назорат учун махсус ўтказиш пунктлари ташкил этилади ва навбатчилик маҳаллий вақт билан соат 07:00 дан 17:00 гача (Москва билан бир хил) бўлади. Рўйхатдан ўтган фуқаролар Курчатовга эркин киришлари мумкин. Ишлаётган, лекин пропискаси бўлмаганларга шаҳар ва туман ҳокимликлари рухсатнома беради. 

АЭС ва қурилаётган 2-АЭСнинг барча ходимлари раҳбариятга рухсат олиш учун ариза беришлари керак. Транзит транспорт воситалари муқобил айланма йўллардан фойдаланиши шарт. 

Смирновнинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучлари шаҳарга бостириб кириш уринишларидан воз кечмаяпти. 

АЭХА раҳбари Курск АЭСга келди

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) бош директори Рафаэл Гросси Курск атом электр станцияси (АЭС)га етиб келди ва уни кўздан кечиришни бошлади, деб хабар берди ТАСС 27 август куни. 

Бир кун аввал Гросси минтақадаги жанговар ҳаракатлар туфайли вазиятнинг жиддийлигини инобатга олган ҳолда Курск яқинидаги станцияни текширишга шахсан ўзи раҳбарлик қилишини айтди. «Барча атом электр станцияларининг хавфсизлиги АЭХА учун марказий ва асосий аҳамиятга эга», деди у ва миссиянинг мақсади ядровий иншоот хавфсизлиги ва хавфсизлигини мустақил баҳолаш эканлигини таъкидлади. 

АЭХА раҳбари, шунингдек, Россия қўшинлари томонидан эгаллаб олинган Запорижжя АЭСда хавфсизликни таъминлаш зарурлигини эслатиб, худди шундай талаблар бошқа барча атом электр станцияларига ҳам тегишли эканлигини таъкидлади. 

Россия яна Украинани Курск АЭСга ҳужум қилишга уринишда айблади

Украина қуролли кучлари 22 августга ўтар кечаси Курск атом электр станциясига учувчисиз учоқ билан ҳужум қилишга уринди. Бу ҳақда 23 август куни ТАСС Россия давлат агентлиги ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига таяниб маълум қилди. «2024 йил 22 августга ўтар кечаси Киев режими АЭСда камикадзе дрон ёрдамида ядровий террорчилик актини амалга оширишга уринди», — дея исмини ошкор этмаган суҳбатдошининг сўзларини келтиради агентлик.

«Дрон Army of Drones деб белгиланган - бу Украина қуролли кучлари Бош штаби, Мудофаа вазирлиги ва Украинанинг бошқа идораларининг қўшма лойиҳаси бўлиб, УУА ишлаб чиқиш ва уларни Украина қуролли кучларига тақдим этиш учун яратилган», - дея аниқлик киритди ТАСС. 

Россия президенти Владимир Путин ҳам аввалроқ Украинани Курск атом электр станциясига ҳужум қилишга уринганликда айблади. «Душман бугун тунда АЭСга зарба бермоқчи бўлди», — дея унинг Украина қуролли кучларининг 22 август куни Курск вилоятидаги ҳужум операциясига бағишланган йиғилишдаги сўзларидан иқтибос келтирган ТАСС давлат агентлиги.

Мавзуга оид