Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон ва Қозоғистон космосга сунъий йўлдошлар гуруҳини учириш бўйича ҳамкорлик қилади
2024 йил якунига қадар Ўзбекистон ва Қозоғистон иштирокида космосга ўзаро сунъий йўлдошлар гуруҳини учириш масаласи ўрганилиб, маълумотлар таҳлил қилинади ва таклифлар белгиланади. Ушбу масала Остонада бўлиб ўтган халқаро конференцияда икки мамлакат рақамли технологиялар вазирлари ўртасида муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазири бошчилигидаги делегация 2-3-сентябр кунлари Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссия томонидан Остона шаҳрида ташкил этилган «Рақамли инклюзия ва трансформация бўйича Осиё – Тинч океани вазирлар конференцияси»да иштирок этди.
Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, ушбу тадбир доирасида вазир Шерзод Шерматов Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Ж.Мадиев билан учрашув ўтказди.
Учрашувда ҳамкорлик истиқболлари, шунингдек, рақамли кўникмаларни ўқитишни таъминлаш, рақамли инклюзивлик ва рақамли трансформация бўйича минтақавий ҳамкорлик ҳолати ва уни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган. Рақамли инновацияларни жадаллаштириш учун зарур минтақавий ҳамкорлик режаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, икки мамлакат иштирокида космосга ўзаро сунъий йўлдошлар гуруҳини учириш бўйича ҳамкорликни амалга ошириш масаласини ўрганиш ва таҳлилий маълумотларни жорий йил якунига қадар таҳлил қилиб, таклифларни белгилаб олиш муҳокама қилинди.