Қозоғистонга алоқадор деб тахмин қилинаётган ҳакерлар гуруҳи сунъий интеллект (СИ) ёрдамида Тожикистон миллий хавфсизлигига оид 2 мингдан ортиқ ҳужжатларни ўғирлаган. Бу ҳақда Reuters Сингапурнинг CloudSEK киберхавфсизлик компанияси текширувига таяниб хабар берди.

Маълум бўлишича, ҳакерлар Hermes платформасидан ҳаракатларни мустақил режалаштира оладиган, керакли дастурларни ишга тушира оладиган, маълумот тўплайдиган ва ҳисоботлар тайёрлай оладиган автоном сунъий интеллект агентларини яратиш учун фойдаланган.

CloudSEK маълумотларига кўра, Hermes’дан разведка операциялари учун фойдаланиш тахминан 2026 йил август ойининг ўрталарида бошланган. Бир неча ҳафта ўтгач, ҳакерлар Тожикистоннинг электрон ҳужжат айланиши давлат тизимига кириб борган. Сунъий интеллект агенти ҳужжатларни юклаб олиш, уларни тизимлаштириш ва кичик қисмларга ажратиш учун махсус дастур яратди, бу эса ўғирланган маълумотларни узатишни осонлаштирди. Натижада жиноятчилар 2000 дан ортиқ, жумладан, мудофаа ва миллий хавфсизлик масалаларига оид ҳужжатларни қўлга киритган.

Шунингдек, тергов давомида Тожикистон темир йўлларининг компютер инфратузилмасига кириш аломатлари аниқланди. Бундан ташқари, серверда Туркманистон ташкилотларига қарши фишинг ҳужумлари учун тайёрланган материаллар аниқланди. Шу билан бирга, тадқиқотчилар уларнинг муваффақиятли ўтказилганлигини исботловчи далилларни тақдим этишмади.

Мутахассислар жиноятчиларни илгари постсовет давлатларининг давлат муассасаларига қарши кибержосуслик операцияларида кузатилган Silent Lynx гуруҳига мансуб деб ҳисоблайди. Унинг Қозоғистон билан алоқаси ҳақидаги тахмин билвосита белгиларга асосланган: ҳакерлар рус тилидан фойдаланган, уларнинг фаоллиги Қозоғистондаги иш соатларига тўғри келган ва серверга уланиш учун ушбу мамлакатдан интернет алоқаси ҳам ишлатилган. Бироқ, тадқиқотчилар гуруҳни ким бошқарганини аниқламади ва Қозоғистон давлат тузилмаларининг ҳужумларга алоқадорлигини исботламади.

Reuters Қозоғистон ва Тожикистон расмийларига изоҳ сўраб мурожаат қилган, бироқ нашр вақтида жавоб олмаган. Журналистлар Silent Lynx вакиллари билан боғлана олмаган.