Тижорий сунъий йўлдош Халқаро космик станцияни (ХКС) суратга олиб, орбитал лабораторияни ғайриоддий ракурсдан — тепадан кўриш имконини берди.
Одатда одамлар ХКСни Ердан ёки унинг бортидаги астронавтлар кўзи билан кўради: астронавтлар иллюминаторлардан станция модуллари, қуёш батареялари ва илмий асбобларни кузатади. Бироқ Австралиянинг HEO компанияси X ижтимоий тармоғида эълон қилган суратда станция бутун кўрки билан — тўлиқ ҳолда ва ғайриоддий ракурсдан, яъни тепадан кўринади.
HEO Ер атрофидаги паст орбитада ҳаракатланувчи сунъий йўлдошлардан бошқа космик аппаратларни суратга олиш учун фойдаланишга ихтисослашган. Узоқроқ истиқболда компания кузатувларни Ер атрофидаги фазодан анча олисдаги объектларга, ҳатто Қуёш тизимининг турли ҳудудларигача кенгайтирмоқчи.
Шу билан бирга, HEO суратга олувчи сунъий йўлдошларни ўзи ишлаб чиқармайди. Компания ўз дастурий таъминотидан фойдаланади. Бу дастур белгиланган объектлар кузатув ҳудудига кирганида космик аппаратларни ўша объектлар томон йўналтиради.
Хусусан, ХКСнинг тепадан олинган ушбу таъсирчан суратини АҚШнинг Виржиния штатида жойлашган BlackSky компаниясига тегишли сунъий йўлдош олган. BlackSky Ердан ташқаридаги объектларни суратга олиш бўйича келишув доирасида HEO билан ҳамкорлик қилади.
Ҳозиргача HEO ва унинг ҳамкорлари орбитадаги турли космик аппаратларнинг тасвирларини олган. Улар орасида ХКС, Хитойнинг «Тянгун» орбитал станцияси ва Россиянинг «Ресурс-П» № 1 аппаратининг парчаланишидан олдинги тасвирлари ҳам бор.
Сунъий йўлдошлар Ер устида шунчаки ҳаракатсиз муаллақ тургандек туюлиши мумкин. Аслида эса Ер юзасидан юзлаб километр баландликдаги паст орбитада ҳаракатланаётган ХКС ва бошқа космик аппаратлар соатига қарийб 28 160 километр тезликда учади.
Шу сабабли бир сунъий йўлдошнинг бошқасини суратга олиши оддий воқеа эмас. Бундай тасвирни олиш учун ҳаракатларни аниқ мувофиқлаштириш ва юқори даражадаги техник маҳорат талаб этилади: операторлар объект керакли ҳолатда бўладиган пайтни олдиндан ҳисоблаб чиқиши, сунъий йўлдош ускуналари эса зарур аниқликда суратга олиш имконини бериши керак.












