Жаҳон | 11:55 / 05.09.2024
1464
4 дақиқада ўқилади

АЭХА раҳбари Гросси: Запорижжя АЭС совитиш минораси келажакда бузиб ташланиши керак

ЗАЭС совитиш минорасини ичкаридан шахсан ўрганиб чиқиб, Рафаэл Гросси келажакда ундан фойдаланишнинг иложи йўқ деган хулосага келди.

Фото: Getty Images

Запорижжя атом электр станциясининг совитиш минораси 11 август куни у ерда содир бўлган ёнғин натижасида шу қадар шикастланганки, келажакда уни бузишга тўғри келади. Бундай баҳони Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) раҳбари Рафаэл Гросси шахсан минорани кўздан кечирганидан сўнг билдирди. У 5 сентябр, пайшанбага ўтар кечаси X ижтимоий тармоғида Запорижжя АЭСга сафар ҳақидаги видеорепортажини жойлаштирди. 

Гросси видеосига кўра, унинг Запорижжя атом электр станциясига сафари энг муҳим мақсадларидан бири август ойида содир бўлган жиддий ёнғиндан кейин 1-совитиш минорасига етказилган зарарни баҳолаш эди. Совитиш минорасини зиёрат қилиб, аланга келтирган зарарни кузатгач, АЭХА раҳбари шундай деди: «Ушбу йирик иншоот келажакда яроқсиз бўлади, шунинг учун у қачондир бузиб ташланади». 

Запорижжя АЭСдаги ёнғин 

11 август куни ҳамон Россия қўшинлари назоратида бўлган Запорижжя атом электр станциясининг совитиш минорасида ёнғин содир бўлди. Запорижжя вилоятининг эгаллаб олинган қисмига Кремл томонидан тайинланган «губернатор» Евгений Балицкий воқеада Киевни айблади. 

«Украина Қуролли кучлари томонидан Энергодар шаҳрини ўққа тутиш натижасида ЗАЭС совитиш тизимлари иншоотида ёнғин содир бўлди», — деб ёзди у. Аниқлик киритилишича, АЭСнинг барча 6 та энергоблоклари ҳамон совуқ тўхташ режимида ва «буғнинг портлаши ёки бошқа оқибатлар хавфи йўқ», шунингдек, Запорижжя АЭС ва Энергодар шаҳри атрофидаги радиациявий фон нормал даражада.

Украинанинг «Энергоатом» ширкати расмий канали ҳам минтақада радиация кўрсаткичлари нормал эканлигини тасдиқлади. «Биз Никополдан россияликлар Запорижжя атом электр станцияси ҳудудида ёнғин бошлаганини тасдиқлаймиз», — дейилади компания баёнотида. Уларнинг аниқлик киритишича, Россия «Запорижжя атом электр станцияси эгаллаб олинган биринчи кунданоқ ундан Украинани, бутун Европа ва дунёни шантаж қилиш учун фойдаланмоқда» ва Атом энергияси бўйича халқаро агентликдан муносабат кутмоқда.

Никопол тумани ҳарбий маъмурияти бошлиғи Евгений Евтушенконинг айтишича, станциядаги ёнғин «провокация ёки Днипро ўнг қирғоғидаги аҳоли пунктларида ваҳима қўзғашга уриниш»дир. Унга кўра, россиялик ҳарбийлар атом электр станциясининг совитиш минораларидан бирида автомобил шиналарига ўт қўйган бўлиши мумкин.

БМТ Бош ассамблеяси Украинадаги атом иншоотлари, жумладан, Запорижжя атом электр станциясининг техник ва жисмоний хавфсизлиги бўйича резолюцияни қабул қилди. Ҳужжатни 99 давлат қўллаб-қувватлади, 9 делегация қарши овоз берди, 60 таси эса бетараф қолди, деб хабар қилинган 11 июл куни Бош ассамблея сайтида. Ҳужжатда Россия Федерациясига Запорижжя АЭСдан зудлик билан ҳарбий хизматчиларни ва бошқа ходимларни олиб чиқиб кетиш, станцияни зудлик билан Украинанинг тўлиқ назорати остига қайтариш талаблари алоҳида ўрин олган.

Мавзуга оид