Албатта, миллий жамоа футболчиларини ортиқча ҳаяжондан холи қилиш, ўйинларга тўғри баҳо берилишини таъминлаш мураббийнинг вазифаси. Катанец бу факторга аҳамият беришининг ўзи бу борада муаммо бўлмаслигига умид беради.

Лекин журналистларда, йиллар давомида мундиал орзусида яшаб келаётган мухлисларда бу сафар муваффақиятни қаттиқ исташга асослар етарли. Камида бизга аввалги саралаш ўйинларида халақит бериб келган бир қатор тўсиқлардан озодмиз. Қуйида мана шулар ҳақида сўз боради ва умид қиламизки, жамоамиз бу сафар уддалайди ва Сречко Катанец муваффақиятсизлик учун янги турдаги сабабларни ўйлаб топган эмас, ўзбекларни мундиалга илк марта олиб чиққан мураббий сифатида тарихда қолади.

Тақвим

Ушбу босқичда дастлабки турларда очко тўплаш жуда муҳим саналади, зеро рақиблар савияси бир-бирига яқин бўлганидан, илк ўйинлардаги ғалабалар жамоага қўшимча ишонч бериб, босимни камайтиради ҳам. Айнан шу борада шу пайтгача омадимиз келмаганди. Дастлабки уринишимизда (ЖЧ-98) илк уч ўйинни сафарда Япония, Корея ва Қозоғистонда ўтказганмиз ва бу ўйинларда олинган атиги 1 очко кейинги тақдиримизни белгилаб берган.

Кейинги саралашда сафарда БАА дан 1:4, ЖЧ-2010 саралашида Қатарда 0:3 ҳисобида мағлубиятлар қайд этилган. ЖЧ-2006 саралаши сўнгги босқичи илк турида Тошкентда Саудия Арабистони билан дуранг ўйнаганмиз. ЖЧ-2014 да анча кучли жамоага эга бўлсак-да, Эронга қарши илк турда Тошкентдаги мағлубият бутун мусобақа давомида панд берган. Эсингизда бўлса, бир қатор етакчи футболчиларимиз аввалги ўйинларда атайлаб сариқ карточка олгани туфайли дисквалификация қилинган, ўйинда эса, ҳаққоний гол ҳисобга олинмаганди.

Айнан ёмон старт туфайли биз ЖЧ-2010 ва ЖЧ-2014 саралаш ўйинларида мураббийларни алмаштирганимиз ҳам якунда фойда бермаганини ҳам эслаб ўтиш лозим. Умуман, шу пайтгача Ўзбекистон бирор марта бутун саралаш босқичини бир мураббий билан бошлаб, якунламаган.

Фақат ЖЧ-2018 саралашида охирги босқични яхши бошлай олганмиз, Қатар ва Сурия мағлуб этилиб, 6 очкони қўлга киритганмиз. Қаранг, ўша турнирда биз кўп ўйинларда панд еганмиз, Сурия ва Хитой билан кутилмаган очколар йўқотилган, аммо шунда ҳам, охирги ўйинда Тошкентда Кореяни мағлуб этсак, тўғридан тўғри мундиалга чиқиш имконияти сақланиб қолганди. Аксинча, ЖЧ-2014 саралашида юқорида эсланган Эрондан мағлубиятдан сўнг, Ливанда ҳам дуранг ўйнаганимиз, кейинчалик қаторасига ғалабаларни қўлга киритсак ҳам, якунда етарли бўлмаган. Яъни барибир дастлабки турлардаги очколар деярли сўнгги ўйинларгача бизни курашда олиб қолади, даъвогарлар сафидан чиқариб юбормайди. Шу жиҳатдан жуда муҳим.

Демак, дастлабки икки турда гуруҳнинг қоғоздаги аутсайдерларига қарши ўйнашимиз бизга қулайлик тақдим этади. Шимолий Кореяни Тошкентда мағлуб этишимизга ишонамиз, кейинги тур ҳам, айтайлик, ҳар қандай сюрприз (Фаластинни эсланг) кутилиши мумкин бўлган узоқ сафарда эмас, қўшни Қирғизистонда бўлиб ўтади. У ерда ҳам ўзимизни уйдек ҳис қилишимиз, ортиқча ҳаяжонланмасак, керакли очколарни қўлга киритишимиз шубҳасиз.