Жаҳон | 12:10 / 23.09.2024
1830
2 дақиқада ўқилади

ФИДE Бош ассамблеяси РФ ва Беларусга қарши санкцияларни бекор қилишни рад этди

Қирғизистоннинг Россия ва Беларус шахматчиларига нисбатан санкцияларни бутунлай бекор қилиш таклифи ФИДE Бош ассамблеясида етарлича овоз ололмади. Болалар ва имконияти чекланган ўйинчилар мусобақага қайтишлари мумкин.

Фото: Getty Images

Халқаро шахмат федерацияси (ФИДE) Бош ассамблеяси Қирғизистоннинг Россия ва Беларус шахматчиларига нисбатан санкцияларни бекор қилиш таклифини рад этди. 22 сентябр, якшанба куни у етарлича овоз ололмади: 21 делегат санкцияларнинг тўлиқ бекор қилиниши учун овоз берди, 41 давлат қарши чиқди, 27 нафари эса бетараф қолди ёки қатнашмади, деб хабар беради Reuters.

Шу билан бирга, Будапештда Бош ассамблея ФИДE кенгашига 12 ёшгача бўлган ёки имконияти чекланган россиялик ва беларусликларни мусобақаларга қабул қилиш имкониятини ўрганиш ва бу борада Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) билан маслаҳатлашиш учун овоз берди, дея хабар қилади AFP ва Reuters.

Россия ва Беларус 2022 йилда Москва Украинада кенг кўламли уруш бошлаганидан сўнг ФИДEдан чиқариб юборилган ва бу уларни халқаро миқёсдаги мусобақаларда қатнашишдан маҳрум қилган.

2024 йил июн ойида ФИДE Этика комиссияси Россия шахмат федерациясини икки йилга халқаро федерация аъзолигидан маҳрум қилди. Бундай қарор Украина шахмат федерациясининг Россия тузилмасининг Қримдаги, шунингдек, Украинага қарши уруш даврида босиб олинган ҳудудлардаги «фаол фаолияти» ҳақидаги шикоятидан сўнг қабул қилинди. Икки ой ўтгач, Этика комиссиясининг Апелляция палатаси Россия федерациясини чиқариб юбориш тўғрисидаги қарорни бекор қилди, бунинг ўрнига Россия 45 минг евро жаримага тортилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид