Жаҳон | 12:00 / 27.09.2024
8328
3 дақиқада ўқилади

Reuters: Россия Хитойда яширинча янги УУА моделини яратди

«Гарпия-3» дронлари Хитойда мутахассислар ёрдамида яратилган ва Россия Федерацияси компанияси уларни ишлаб чиқаришни ташкил қилмоқчи, деб ёзади Reuters.

Фото: Sputnik/Grigory Sysoyev/Kremlin

Россия Хитойда Украинага қарши урушда фойдаланмоқчи бўлган жанговар учувчисиз учоқнинг янги моделини ишлаб чиқарди ва уни Хитой ҳудудида муваффақиятли синовдан ўтказди. Бу ҳақда 25 сентябр, чоршанба куни Европа разведкасидаги манбалар ва ОАВда мавжуд бўлган ҳужжатларга таяниб, Reuters хабар берди.

Агентлик суриштирувида гап Россиянинг «Алмаз-Антей» давлат концерни назоратидаги «Купол» Ижевск электромеханика заводи ҳақида боряпти. Reuters хабарига кўра, «Купол» номи ошкор этилмаган хитойлик мутахассислар билан ҳамкорликда 2024 йил бошида Хитойда «Гарпия-3» учувчисиз учоғини яратган ва синовдан ўтказган, сўнгра Россия Мудофаа вазирлигига ишланма ҳисоботини юборган. «Алмаз-Антей» шуъба корхонаси худди шу турдаги дроннинг олдинги моделини ишлаб чиқариш учун Хитойдан келган компонентлардан фойдаланган, деб ёзган агентлик аввалроқ.

Оммавий ахборот воситалари ихтиёридаги «Купол» ҳужжатларидан «Гарпия-3» 50 кггача фойдали юкни кўтариши ва тахминан 2000 км масофани учиб ўтиши мумкинлиги маълум бўлди. ХХРда синовдан ўтказилгандан сўнг, Хитойда ишлаб чиқарилган «Гарпия-3» ва бошқа бир қанча дронларнинг бир нечта нусхалари кейинги синовлар учун Ижевскка етказилди, деб ёзади агентлик.

«Купол», шунингдек, Россия Мудофаа вазирлигига Хитойда учувчисиз учоқларни «кенг миқёсда» ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши мумкинлигини маълум қилди, сўнг уларни Россия ҳукумати назарда тутган «махсус ҳарбий операция»да қўллаш мумкин. 

Ижевск корхонаси, «Алмаз-Антей» ва Россия Мудофаа вазирлиги Reuters агентлигининг сўровига жавоб бермади. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги агентликни Пекин бундай лойиҳалардан хабардор эмаслигига ва УУА экспортига нисбатан «қатъий назорат чоралари» қўлланишига ишонтирди.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг таъкидлашича, Оқ уй расмий Пекиннинг лойиҳага алоқадорлиги ёки хабардорлигини кўрсатадиган ҳеч қандай маълумотга эга эмас. Бироқ, Хитой ҳукумати маҳаллий компанияларнинг Россия ширкатлари, айниқса АҚШ санкциялари остидаги «Купол» каби корхоналари билан ҳамкорлигининг олдини олиши керак, деди агентлик суҳбатдоши.

Мавзуга оид