Жаҳон | 14:10 / 05.10.2024
2974
3 дақиқада ўқилади

Исроил Байрутга навбатдаги ҳаво зарбалари сериясини амалга оширди

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ЦАҲАЛнинг Даҳия ҳудудидаги зарбаси нишони Ҳасан Насруллоҳнинг «Ҳизбуллоҳ» етакчиси лавозимидаги эҳтимолий вориси Ҳошим Сафиуддин бўлиши мумкин.

Фото: RABIH DAHER / AFP / Scanpix

Ливан пойтахти Байрут 4 октябр, жумага ўтар кечаси яна Исроил ҳаво ҳужумларига учради. ОАВ хабарларига кўра, бу ҳужум нишони 27 сентябр куни Исроил томонидан ўлдирилган «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг амакиваччаси ва эҳтимолий вориси Ҳошим Сафиуддин бўлган.

Шу тариқа, The New York Times газетаси 4 октябр куни эрта тонгда исроиллик исм-шарифи ошкор қилинмаган уч амалдорга таяниб, Байрут жанубий чеккасидаги Даҳияда ерости бункерида бўлиб ўтган ҳаракат раҳбариятининг йиғилишида «Ҳизбуллоҳ» бош котиби Ҳошим Сафиуддин иштирок этганини ёзди. Нашрнинг ёзишича, айнан шу бункер Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) зарбаси нишонига айланган. Ҳошим Сафиуддин ушбу ҳужумда ҳалок бўлган ёки бўлмагани ҳақида хабар берилмаган.

Американинг Axios интернет-нашри, шунингдек, Исроилнинг Байрутга тунги зарбаси нишони Сафиуддин бўлганини ёзди. Нашр 2017 йилда АҚШ Давлат департаменти уни «махсус санкцияларга тушган глобал террорчилар» рўйхатига қўшганини кўрсатмоқда.

Зарбадан кейинги фотосуратлар ва видеоларда Байрутнинг жанубий чеккасида тунги осмонга аланга ва катта тутун кўтарилаётгани акс этган. Гувоҳларнинг Reuters агентлигига айтишича, улар зарба сентябр ойи охирида Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилганда берилган зарбадан ҳам кучлироқ эканини ҳис қилишган.

Ливан: Исроил ҳужумлари оқибатида бир сутка ичида 46 киши ҳалок бўлди

Исроилнинг Байрут марказига берган навбатдаги зарбаси натижасида олти киши ҳалок бўлди, деб хабар берди Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги 3 октябрга ўтар кечаси. The Times of Israel интернет-нашрининг аниқлик киритишича, Исроил ҳаво ҳужумидан сўнг БМТ штаб-квартираси, шунингдек, бош вазирнинг идораси ва парламент биноси яқинида жойлашган Бошура ҳудудидаги кўп қаватли уйнинг учинчи қаватида ёнғин содир бўлган.

«Ҳизбуллоҳ»нинг Al-Manar телеканали ҳужум гуруҳнинг тиббий бўлими марказини нишонга олганини даъво қилмоқда». Аввалроқ AFP ўз мухбирлари Байрутда кучли портлаш овозини эшитгани ҳақида хабар берган эди. 3 октябрга ўтар кечаси Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) Telegramʼда Байрутга «мақсадли зарба» берганини маълум қилди, бироқ тафсилотларни келтирмади. Ушбу ҳужум қурбонлари орасида қанча жангчи борлиги очиқланмаган.

Аввалроқ, 2 октябр оқшомида Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги 24 соат ичида Исроил ҳужумлари оқибатида мамлакат бўйлаб 46 киши ҳалок бўлгани ва яна 85 киши жароҳатлангани ҳақида маълумот тарқатган эди.

Мавзуга оид