АҚШ, Франция ва Буюк Британия Украинани НАТОга таклиф қилишга тайёр, лекин Германия бу борада шошилмаяпти. Зеленскийнинг “Ғалаба режаси” ҳам кенг муҳокамалар марказида. “Геосиёсат”да сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Жаҳонгир Акрамов урушдаги сўнгги ўзгаришлар юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Жаҳонгир Акрамов қайд этганидек, Володимир Зеленскийнинг ғалаба режаси 5 та очиқ ва 3 та махфий бандлардан иборат. Улардан энг асосийси – Украинанинг НАТОга киришини тезлаштирувчи режани ишлаб чиқиш. Кейинги очиқ бандлар Украинанинг мудофаа қобилиятини кучайтириш, мамлакатнинг ядровий қуролларни жорий этиш бўйича 1991 йилги салоҳиятини тиклаш, иқтисодий тикланиш стратегияни ишлаб чиқиш, НАТО мудофаасини кучайтириш ва унда Украинани ҳарбий тайёргарликка эга форпост мамлакат сифатида кўрсатиш.

Таҳлилчининг фикрича, ғалаба режасининг махфий қисмида Украина ўз ҳудудига НАТО қуролли кучларини жойлаштиришни, 1994 йилдаги Будапешт меморандумини қайтадан тиклашни назарда тутган бўлиши мумкин.

Камолиддин Раббимовнинг қайд этишича, Украинанинг ғалаба режаси амалга ошмаслигини барча давлатлар сезиб турибди. Фақатгина Россияни тўлиқ ғолиб сифатида тан олмай, руслар босиб олган ерларни ўзларида қолдириб, секин-аста давлатни ҳолдан тойдириш мақсад қилинган. Чунки совет иттифоқи билан ҳам шундай ҳолат юз берган. Махфий режада ҳам Украина тезроқ НАТОга киришни хоҳлашига урғу берувчи режа мавжуд.

“Аммо НАТОга киришнинг ўз шартлари мавжуд. Энг аввало, НАТОнинг барча аъзолари янги аъзони қабул қилишга рози бўлиши керак. Агар бирорта аъзо бунга рози бўлмаса, қолганлар ундан нега норозилигини сўрай олмайди. Қолаверса, НАТО урушда иштирок этаётган ёки уруш майдонига айланган давлатни аъзоликка қабул қилмайди. Шу каби сабаблар ҳам Украина ғалаба режасининг реал ёки реал эмаслигини кўрсатиб беради”, дейди у.

АҚШ Украинанинг НАТОга қўшилишига эътироз билдирмаслиги айтилмоқда. Аммо алянснинг энг асосий давлатларидан бўлмиш Германия нега қаршилик қилмоқда?

Жаҳонгир Акрамовнинг сўзларига кўра, Германияда Иккинчи жаҳон урушидан кейин урушга қарши авлод шаклланиб улгурган. “Улар урушдан чўчиб туришади. Шунингдек, Россиянинг розилигисиз Европа бундай қарорни бирдан чиқара олмайди деган қарашлар ҳам йўқ эмас. АҚШ ҳам Украинанинг НАТОга аъзолигини дипломатик йўлни қўллаш учунгина тан олди. Аммо Америка бу борада Германия қарши бўлишини ҳам билар эди ва Америка буни билиб туриб, розилик билдирди. Яъни барибир Германия қаршилик кўрсатади ва Украина аъзоликка киритилмайди, дея розилигини билдирмоқда”, дейди у.