Жаҳон | 18:32 / 23.10.2024
5674
2 дақиқада ўқилади

Россия ташқи ишлар вазири Ўзбекистонга ташриф буюради

Сергей Лавров 28-29 октябр кунлари Ўзбекистонда бўлади ва президент билан учрашади, ташқи ишлар вазири билан музокара ўтказади.

Фото: Reuters

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 28-29 октябр кунлари амалий ташриф билан Ўзбекистонга келади ва президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинади. Бу ҳақда Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова брифингда маълум қилди, деб хабар берди ТАСС.

«28-29 октябр кунлари ТИВ раҳбари амалий ташриф билан Ўзбекистон Республикасида бўлади, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров республика президенти томонидан қабул қилинади, шунингдек, бу мамлакат ташқи ишлар вазирлиги раҳбари билан музокара ўтказади», деди у.

Захарова сўзларига кўра, музокаралар давомида асосий эътибор Россия-Ўзбекистон ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш ва ривожлантиришга қаратилади, бунда Россия президенти Владимир Путиннинг 2024 йил май ойида республикага ташрифи якунлари бўйича келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади. «Шу нуқтаи назардан, икки томонлама кун тартиби, томонларни қизиқтирган долзарб халқаро ва минтақавий масалалар кўриб чиқилиши кутилмоқда», деди у.

Захарованинг таъкидлашича, «Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқида (ЕООИ) кузатувчи мақоми ҳисобга олинган ҳолда Евроосиё интеграцияси жараёнларини дипломатик қўллаб-қувватлаш» алоҳида мавзу бўлади.

Унинг сўзларига кўра, Лавровнинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан суҳбати режалаштирилган.

Мавзуга оид