Умра лицензиясини олиш учун 1 млн доллар захира қўйиш талаби Саудия Арабистонидаги ҳамкорларимизни ҳам ҳайрон қолдирди. Энди қўшни давлатдаги турфирмалар зиёратчилар оқими уларга ўтишидан хурсанд бўлиб ўтирибди, дейди сайёҳлик фирмаси раҳбари Шерзод Сами. Тадбиркорларга кўра, қарорда фуқароларга қулайлик учун тўғри талаблар ҳам етарли, лекин шартларни бажарган ҳамма фирмаларга ҳам лицензия берилмаслиги ва соҳа яна монополлашиши мумкин.

2024 йил 12 октябрь кунидаги ҳукумат қарори билан турфирмалар учун Умра зиёрати ташкил этиш учун янги лицензия шартлари эълон қилинди. Дин ишлари бўйича қўмита тадбиркорлар учун жорий қилган максимал қийин талаблар ортидан тадбиркорлар ва жамоатчилик вакиллари соҳада монополиянинг қайтишидан хавотирланмоқда.

Kun.uz мухбири лицензиянинг янги шартлари ва соҳадаги долзарб масалаларни сайёҳлик фирмалари раҳбарлари Шерзод Сами ҳамда Фарҳод Ҳошимовлар билан муҳокама қилди.

Интервюга Дин ишлари бўйича қўмита ва Бизнес омбудсмандан ҳам мутахассислар чақирилган эди, лекин улар келишмади.

Ҳукумат қарори билан, 2024 йил октябрь ойидан Умра лицензиясини олиш учун бир қанча қийин шартлар жорий қилинди. Нима учун соҳада бундай янги шартлар жорий қилинмоқда?

Шерзод Сами:

– Буларнинг ҳаммасига туртки бўлиб бир қанча вақт аввал Умра зиёратида ўзбекистонликлар билан юз берган можаролар ва қийинчиликлар сабаб бўлди, деб ўйлайман. Чунки ҳукумат қарори билан 2023 йил ноябрь ойида лицензия олган бўлсак, у бир йилга қолмай шу йил октябрдан бекор қилинди, ҳолбуки чекланмаган деган муддатга олгандик ўша лицензияларни. Асосий сабаб сифатида Panorama Airways билан можаро ортидан 19 мингга яқин юртдошларимиз Саудия Арабистонида қолиб кетиши турфирмалар учун катта зарар етказди, деб ўйлайман.

Фарҳод Ҳошимов:

– Ҳақиқатан Умра учун турфирмаларга рухсат берилганида тадбиркорларга бир қанча енгиллик бўлганди. Лекин шунда ҳам айрим тадбиркорлар лицензия олмасдан туриб бу фаолиятни юритишни бошлашди. Баъзи авиакомпаниялар тўғридан тўғри билетларни олиб туриб одамларни жўнатиб, одамлар алданиб қолишига сабабчи бўлди. Олдинги 345-сонли қарорда Туризм қўмитаси ваколатли орган эди. Лекин қўмита тадбиркорларни қўллаб-қувватламади. Лицензия олганлар ҳам, лицензияси йўқлар ҳам бир хил иш юритаверди. Энди шу қарор чиқиб турибди.