Иқтисодиёт | 11:54 / 13.11.2024
3236
2 дақиқада ўқилади

Masdar Ўзбекистонда яна бир шамол электр станцияси қуради

Энергетика вазирлиги ва Masdar (БАА) ўртасида COP29 саммити давомида Учқудуқда 1000 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш бўйича шартнома имзоланди. Лойиҳа йилига 3,5 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.

Фото: Энергетика вазирлиги

Озарбойжоннинг Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган COP29 анжумани доирасида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Бирлашган Араб Амирликларининг Masdar компанияси ўртасида Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида қуввати 1000 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома имзоланди.

Мазкур электр станция қурилиш жараёнида 600-800 та янги иш ўрни яратилади. Лойиҳани амалга ошириш натижасида йилига 3,5 млрд кВт/соат электр энергиясини ишлаб чиқарилади, 1 млрд куб метр табиий газ захиралари тежалади.

Мазкур шамол электр станциясини қуриш орқали атмосферага чиқариладиган чиқиндиларни йилига 1,4 млн тоннага камайтиришга эришилади.

Ўзбекистон ва Masdar компанияси ҳамкорлигида шу пайтгача умумий қуввати 1497 МВт бўлган лойиҳалар, жумладан, Зарафшонда шамол электр станцияси (500 МВт) ва Карманада (100 МВт), Ғаллаоролда (220 МВт), Каттақўрғонда (220 МВт) ва Шерободда (457 МВт) қуёш электр станциялари фойдаланишга топширилди.

Бундан ташқари, Бухоро вилоятининг Олот туманида (250 МВт) ва Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида (300 МВт) қуёш электр станциялари қурилмоқда.

Мавзуга оид