Портлашдан 2 ой ўтиб: Конда йирик ёнғин, бадбўй ҳид камайган, аммо аҳоли ҳамон сарсон
“Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида 9 ноябр куни портлаш юз берган. Кон оғзида улкан аланга ҳосил бўлган. Шундан сўнг атрофга газ ҳиди тарқалиши камайган. Аммо бу қачонгача давом этиши номаълум. Кон атрофидаги қишлоқлардан кўчирилганлар тақдири номаълум бўлиб турибди. Улар ҳамон ўз уйларига қайтганлари йўқ. Масъуллар ва пудратчи компаниядан эса садо йўқ.
Бойсун туманидаги газ конида иккинчи авария содир бўлганига салкам 60 кун бўлди. Бир вақтлар республиканинг энг экологик тоза шаҳарларидан бири бўлган бу ҳудуднинг атмосфераси қайтиб тикланмас даражага етиб келмоқда. Одамлар ҳануз нима қилишини билмайди, баъзилари уйига қайтолмай сарсон. Масъуллар эса “оғзига талқон солиб олган”.
Kun.uz айни масала кун тартибидан чиқиб кетмаслиги учун навбатдаги материални тайёрлади. Хўш, ҳозиргача нималар маълум?
Такрорий портлаш ва ёнғин
9 ноябр куни тармоқларда Бойсундаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида ёнғин бўлгани ва бир гуруҳ ўт ўчирувчи ходимлар уни бартараф этишга урингани акс этган видеолар тарқалди. Kun.uz манбасига кўра, ўша куни конда катта портлаш содир бўлган. Оқибатда юқоридаги ҳолат, йирик ёнғин юзага келган.
Конга яқин ҳудудда яшовчилардан бирининг айтишича, айни шу такрорий портлашдан кейин Бойсунда газ ҳиди тарқалиши камайган. “Газ ҳиди Кофрунда ҳам йўқ”, – дейди таҳририятга вазият ҳақида гапириб берган бир бойсунлик.
"Менга етиб келган маълумот, улар ўша “вишка” бор эди-ку, шу "Мустақилликнинг 25 йиллиги" конининг симёғочини йиқитишган. Олдин тикка турган ҳолатида ундан чиқаётган газни ёқа олишмаётган эди. Шунинг ҳисобидан газ чиқаётганди. Ҳозир шу нарсани ағнатган (қирқиб ташлашган), ағнатгани учун икки ён томонига қувур чиқариб, қолган газни ҳам – ишқилиб шу чиқаётган ҳамма газни ёндириб қўйган булар.
Ёнғиндан хабарим йўқ, менга келган мана шу бугунги маълумотга қараганда, “вишка”нинг ҳам ўзини қулатиб, жойини ёндиргани учун 4 кундан буён, вазир келишидан бир кун олдин бошланди бу ҳолат, ҳозиргача газ ҳиди йўқ, Кофруннинг ўзида ҳам йўқ. Чунки эрталаб бир иш билан Кофруннинг ўзига тушиб келдим, Кофрунда ҳам тоза ҳаво. Ишқилиб, газ ҳиди йўқ”, – дейди у.
Бойсунликларнинг ҳолати қандай?
14 ноябр куни тармоқларда Бойсуннинг кичик маҳалласи – Ширинободда яшовчи Қурбонали Холмуродовнинг видеолари тарқалди. Унда Холмуродов астмаси бор қизалоғининг газ ҳиди сабаб азият чекаётгани, Kun.uz материалида интервюси эълон қилинишига қарамасдан, масъуллар ёрдам қилмагани ҳақида гапириб ўтган. Аввалроқ, бойсунликларнинг қишни қандай ўтказиши номаълумлигига оид материалимизида ҳам фуқаро расмийларнинг бефарқлигини таъкидлаганди.
Айни видеонинг тўлиқ шакли таҳририятимизга ҳам келиб тушган. Аммо унинг илтимоси билан сайт буни эълон қилмаганди. Холмуродов тармоқларда сиздирилган тасвирлар сабаб ИИОга чақирилганини, маълум тушунтиришлардан сўнг у ва қизига ёрдам қилинаётганини билдирди.
"Мендан сўрамасдан бўлмайдиган видеони чиқариб юборган, улар бўлса, "президентга қаратиб айтгансан", дейишди. Энди мен бу масалада айтмаганман, қизимнинг ҳолатини кўриб, стрессда нима деганимни ўзим билмайман. Кейин уйга келиб, афсусланиб, Кароматга (видео тарқаган одам) айтдим, "Кароматжон, видеони чиқармагин, сендан илтимос", – дедим.
Бир ҳоким бобо билан яхши эдим, кўзига [балодек кўриндим]... Агар сизга ташлаган бўлса, шуни ўчириб ташланг.
Ўзимизнинг участкавой "мурожаат қилибсан, қандай ёрдам керак сенга, нима қилишимиз керак?" – деган саволларни қўйди.
Қизимнинг операциясини давлат томонидан бепул қилдирдим, 2-3 та керакли аппаратларни ёздирдим, уларни уйга етказишларини айтишди. Эртага қизимни яна текширувдан ўтказамиз", – деди у.
Шунингдек, Холмуродов ҳам ҳозирча газ ҳиди тарқалмаётганини, қизининг ҳолати энди яхшиланаётганини маълум қилди. Жойларда заҳарли газ одамларни безовта қилмаётгани яхши хабар, албатта. Аммо кон атрофидан ётоқхона ва коллежларга кўчирилганларнинг ҳануз мавҳумликда яшаётгани кўпчиликни оғринтираётган бўлса керак.
Gazeta.uz нашрига интервю берган маҳаллий аҳоли расмийларнинг аниқ маълумотини кутаётганини, келаётган қишдан қандай омон чиқишидан хавотирдалигини билдирган. Kun.uz шу интервюлардан айримларини келтиради.
“Менга зарилми ҳомиладор ҳолимда шу коллежда яшаш? Квартирага чиқсангиз ҳам камида 2 млн сўм сўрайди. Ҳар хил гап бўляпти, баъзилар: “Булар овқат учун шу ерда ётибди”, деяпти. Шунча йилгача ўзимизнинг хўжайинимиз боқиб келган-ку. Қотган нонимизни есак ҳам, ўз уйимизда еб ўтирсак, ўша яхши”, – деган шахсини ошкор қилишни истамаган аёл.
“1 сентябрда газ портлаганидан бери кўчада сарсон бўлиб юрибмиз-да. Ярмимиз қишлоқда, ярмимиз Бойсунда. Ҳомиладор келинларимизни ҳеч жойда сақлолмадик — Бандихонга юборгандик, газнинг ҳиди у ерга ҳам борди, у ёқнинг шифокори бу ер бўлмайди, келиннинг [ҳомила] суви лойқаланган, дебди. Шу билан, ота-онаси Тошкентда эди, уни Тошкентга жўнатиб юбордик. Уч кун бўлди Тошкентдан келганига. Энди болали бўлиши керак — қаерда болали қилиб, қаерга олиб боришимни билмай ўтирибман газни деб”, – дейди яна бир аёл.
“Булар ҳаммани овора қилди, сарсон қилди. Битта гапни айтса, “бўлмайди энди, кетинглар”, деса, одамлар мажбурликдан кетади, иложини борича. Оғайниларникига ҳам бир марта бориб келдик. Уларникига ҳам 10−15 кун сиғасиз, кейин сиғмайсиз. “Меҳмондорчилик ҳам уч кун” дейди-ку. Топган пулимиз укол-дори, йўлкирага кетяпти. Еётганимиз йўқ, болаларимизни кийинтираётганимиз йўқ. Берган нарсаси уйимизда турибди, уни ҳузурланиб егингиз келмайди. Ўзингиз бозордан бир кило гўшт олсангиз, болаларингизга шундай ҳузурланиб овқат қиласиз, лекин буларнинг берган гўшти шундай турибди — қовургингиз ҳам келмайди, егингиз ҳам келмайди, томоғингиздан ҳам ўтмайди, турибди шундай”, – деган бошқа фуқаро.
Расмийлар нима деганди?
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 6 октябрда “Лолазор” подкастига қилган чиқишида конни жиловлаш учун тузилган 2-3 кунлик сценарий иш бермаса, муаммони бартараф этиш учун яна 2–3 ой вақт кераклигини айтганди.
“Зарарни камайтириш мақсадида бир қисм газ чиқариб ёқиб юборилди. Ҳозир шу чоралар кўриляпти. 2-3 кундан кейин мосламани ўрнатишади, ёпишга ҳаракат қилиб ёпа олса, яхши. Бўлмаса кейинги сценарийларга кўра қудуғини очиб, ёнидан қўшимча қудуқ бурғилаб, шу орқали ёпишга ҳаракат қилинади. Бу 2-3 ой вақтни олиши мумкин”, – деган Мирзамаҳмудов.
Шундан келиб чиқсак, “М25” кони кейинги йил январ охирларига бориб жиловланиши мумкин. Унгача эса маҳаллий аҳолига ким ёрдам қилади, қишни қандай ўтказиб олади – ҳозирча номаълум. Бунга масъул вазирлик, идора, ташкилот ва пудратчи компания эса сукунатда.
Мавзуга оид
13:16 / 16.11.2024
5 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган корхона аниқланди
08:02 / 16.11.2024
Энергия ресурсларидан қарзни йўқ қилиб бермоқчи бўлган газчи ва ҳисобчи ушланди
13:59 / 15.11.2024
ГФР СТГ терминаллари операторига РФдан газ қабул қилишни тақиқлади
15:47 / 13.11.2024