Kun.uzʼга Enter Engineering компаниясига бевосита ва билвосита алоқадор ташкилот ходимлари уларга бир неча ойдан бери маош тўланмаётганидан шикоят қилиб мурожаат йўллади.
“Май ойидан бери ойликларимиз йўқ. Фақатгина май, июн, июл ойликларидан озгина беришди, 2-3 млндан. Бу пул нима бўлади оилали одам учун. Август, сентябр, октябр ойликлари тўлиқ турибди. Давлатдан кредит олсангиз, 1 кун кечикса пеня туғади. Лекин бизнинг ойлик ойлаб берилмаса ҳам ҳеч кимнинг иши йўқ”, – дейилади мурожаатда.
Таъкидланишича, қатор ходимлар иш ташлаш эълон қилиб, ишга боришмаяпти.
Eriell ва Enter Engineering’га алоқадор Самарқанд халқаро технология университети ўқитувчиларига ҳам бир неча ойдан бери маош берилмаган.
“Мен Saneg’га (Eriell гуруҳи) тегишли Самарқанд халқаро технология университети профессориман. Бу семестрда ҳозирча бирорта профессорга маош берилмади. Бу даҳшатли. Нима қилишни билмаймиз.
Чет эллик профессорлар охирги марта 4 сентябрда маош олишган, маҳаллий ўқитувчиларнинг ойлик олмаганига эса ундан ҳам кўп вақт бўлган. Бизга нима бўлаётгани ҳақида ҳеч нарса айтилмайди. Шунчаки “пул йўқ”, “пулни кутамиз” дейишади”, деди исми ошкор қилинишини истамаган хорижлик профессор.
Унинг қўшимча қилишича, АҚШ, Жанубий Корея ва Эрондан олиб келинган ўнлаб ўқитувчилар маоши берилмаётгани сабабли иш ташлаш ҳақида ўйлашяпти.
Аввалроқ, Daryo.uz Олмалиқ кон-металлургия комбинати таркибидаги 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишида ишлаётган Enter Engineering ишчилари Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллигини пулсиз кутиб олгани ҳақида ёзганди. Ходимлар 2024 йилнинг май ойи учун “аванс” берилганини, ўшандан бери маошсиз ишлаб келишаётганини айтган.
Кейинроқ ишчиларнинг нашрга билдиришича, 7-8 сентябр кунлари фабрикани қураётган компания – Enter Engineering ишчиларига маош тарқатган: май ойининг 30 фоиз қолдиғи ва июн ойи маошининг 70 фоизи берилган.
Мурожаатчиларнинг билдиришича, маошлар дастлаб 7 сентябр куни Олмалиқ 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишида ишлаётган ишчиларга, кейин Самарқанд ва Қоракўлдаги ишчиларга тарқатилган. Лекин компаниянинг бошқарув офиси ва вилоятларидаги офислари ишчиларига маош ҳамон берилмаган.















