13 ноябр куни COP29 саммити доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбойжон ўртасида "яшил" энергияни ривожлантириш ва узатиш соҳасида стратегик шериклик тўғрисидаги битимни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қайта тикланувчи энергия иқтисодий мақсад эмас, балки келажакка қўшилаётган ҳисса, келгуси авлодлар олдидаги масъулият туйғусининг натижаси эканлигини таъкидлади.

Лойиҳанинг экологик аҳамияти алоҳида қайд этилди. Узатиладиган энергия - бу шамол ва қуёш энергияси бўлиб, қайта тикланадиган ва тоза манба ҳисобланади ҳамда иқлимга таъсирни юмшатиш имконини беради.

Шу орқали томонлар Париж битими ва Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида иқлимни муҳофаза қилиш бўйича қўшма саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватламоқда.

Мамлакатлар қайта тикланувчи энергиянинг катта захираларига эга бўлиб, глобал энергетик ўзгаришларга салмоқли ҳисса қўшиши мумкинлиги таъкидланди.

Шу муносабат билан президент бу йўналишда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг муҳим жиҳатларига алоҳида тўхталиб ўтди.

"Яшил" энергетикани жадал ривожлантириш бўйича катта дастур қабул қилинган. Мамлакатда ҳар йили 2 гигаваттга яқин қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилмоқда.

Бундан ташқари, жорий йил охиригача тармоққа қўшимча 2,6 гигаватт қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш қувватлари ва 300 мегаваттли энергия сақлаш тизимлари уланади.

2030 йилга келиб қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 40 фоизга етказиш, шунингдек, 4,2 гигаваттлик энергия сақлаш тизимларини яратиш режалаштирилган.

Ишга туширилаётган лойиҳанинг иқтисодий самарасини барча иштирокчилар ҳис этишига ишонч билдирилди.