Украина президенти Володимир Зеленский Германияда Фридрих Мерц канцлер бўлганидан сўнг Берлин Киевга TAURUS узоқ масофали қанотли ракеталарни етказиб беришига умид билдирди. Украина раҳбари бу сўзларни 1 апрел, сешанба куни Киевда Германия ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Анналена Бербок билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтди.
«Биз бунинг устида ишлаймиз, музокаралар олиб борамиз. Тафсилотларга келсак, янги канцлер сайланганда ва у янги вазирлар маҳкамасига эга бўлганда, шундан кейингина бу саволга жавоб бера оламан», — деди Зеленский. Немис журналистининг TAURUS етказиб берилишидан умидворми ёки йўқми, деган аниқ саволига Украина президенти шундай жавоб берди: «Ҳа, албатта. Умид қиляпман».
Бербок худди шу саволга яқин келажакда Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари лавозимини тарк этишини ва шунинг учун бўлажак ҳукуматнинг қадамлари учун жавобгар бўла олмаслигини айтди. У Мерцнинг ушбу мавзу бўйича олдинги баёнотларига эътибор беришга чақирди.
Аввалроқ Германияда бўлиб ўтган парламент сайловларида ғалаба қозонган Христиан-демократик ва Христиан-социал иттифоқлари консерватив блоки етакчиси Мерц бир неча бор Украинага TAURUS ракеталарини етказиб бериш тарафдори бўлган эди. У мухолифат етакчиси сифатида Германия социал-демократик партиясидан канцлер Олаф Шолцни Украина Қуролли кучларига ушбу турдаги қуролларни беришдан бош тортгани учун танқид қилди.
















