Мбаппеда илк ҳет-трик, Ҳусановда омадсиз дебют. Кун ўйинлари
«Реал» қаторасига тўртинчи йирик ғалабага эришди, «Арсенал» яна ҳакамлардан жабрланди, «Ливерпул» устунлигини мустаҳкамламоқда. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
Англия: «Сити» «Челси»ни қувиб ўтди, «Ноттингҳем»да даҳшатли туш
«Манчестер Сити» – «Челси» 3:1
Голлар: 0:1 – 3 Мадуэке, 1:1 – 42 Гвардиол, 2:1 – 68 Ҳоланд, 3:1 – 87 Фоден.
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Гвардиол, Аканжи, Абдуқодир Ҳусанов (Стоунз, 54), Матеуш Нунеш, Гундўған, Ковачич, Бернарду Силва, Фоден, Мармуш (де Брюйне, 74), Ҳоланд.
«Челси» – Санчес, Кукуреля, Колуилл, Чалоба, Жеймс (Гюсто, 73), Фернандес, Кайседо, Санчо (Нету, 73), Палмер, Мадуэке, Жексон (Нкунку, 61).
Огоҳлантиришлар: Ҳусанов (4), Колуилл (25), Кайседо (58), Бернарду Силва (79), Ковачич (83).
Чоршанба куни «ПСЖ» «Сити» устидан иродали ғалабага эришганди, энди эса Гвардиола жамоаси «Челси» билан ўйинда ирода кўрсатиши талаб этилди. Амалдаги чемпионлар таркибида икки дебютант дебют қилди — Ҳусанов ва Мармуш. Рубен Диаш жароҳатлангани ва Стоунзнинг формаси яхши эмаслиги туфайли ўзбекистонлик ҳимоячи жамоага келганидан бир неча кун ўтибоқ муҳим ўйинда майдонга ташланди.
Ўйин Ҳусановнинг қўпол хатоси билан бошланди. Ўзбекистонлик ҳимоячи тўпни бош билан дарвозабонга етказиб беришни хоҳлаганди, аммо тўғри зарба бера олмади. Натижада тўпга эга чиққан Жексон уни бўш дарвоза қаршисига чиқиб борган Мадуэкега етказиб берди ва ҳисоб очилди.
Ҳаяжонини босиб ололмаган Ҳусанов навбатдаги вазиятда ҳам хатога йўл қўйди. Икки дақиқа ўтиб жарима майдони яқинида Палмерга қарши подкати учун сариқ карточка олди. Тўққизинчи дақиқада эса Ҳусанов туфайли иккинчи гол урилиши ҳам мумкин эди — ҳимоячи офсайд чизиғини ушлай олмади ва Палмер дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетишига йўл қўйди. Лекин «Челси» етакчиси зарба бериш ўрнига пас узатди, ҳужум тезлиги йўқолди, Санчонинг якуний зарбасини эса Ҳусанов тўсиб ўз айбини ювди.
Шундан кейин жамоадошлари уни қўллаб-қувватлаш учун орқага қайтиб ҳаракатлана бошлади, бу борада айниқса Бернарду, Гундўған, Ковачич ва Фоденни эътироф этиш мумкин. Мухлислар эса шунчаки дарвозабонга пас узатганида ҳам уни олқишлаб, далда беришди.
Биринчи бўлимнинг қолган вақтида «Челси»нинг ҳужумдаги ишлари юришмади. Колвилл 25-дақиқадаёқ вақтни чўзгани учун огоҳлантирилди, «Сити» эса босим уюштириб, яхши вазиятлар яратди. Меҳмонлар ҳимоя чизиғини анча олдинга жойлаштиргани туфайли ҳимоячилар ортига узатмалар етказиб берила бошланди. Мармуш 35 дақиқа ичида уч марта офсайдга тушиб қолгани ҳам лондонликлар ҳимояда қанчалик кўп бўш зоналар қолдирганини кўрсатади. Гвардиол икки бор қулай вазиятдан фойдалана олмади (жумладан, яккама-якка вазиятдан ҳам). Учинчи имкониятидан эса фойдаланди.
Биринчи бўлим охирида Мадуэке офсайд чизиғини ушлай олмади. Натижада Нунес амалда дарвозабон билан яккама-якка вазиятга эга бўлди — «Челси» дарвозабони унинг зарбасини қайтарди, аммо қайтган тўпга Гвардиола етиб келди.
Гвардиола Ҳусановни жазоламаслик учун уни танаффусдаёқ алмаштириб юбормади ва унга яна бироз ўйнашга имкон берди, у ўзига тақдим этилган вақтда ўз услубида Жексонни зарарсизлантириб, тўпни олиб қўйди, аммо мураббий иккинчи сариқ карточка хавфи туфайли 54-дақиқада унинг ўрнига Стоунзни туширди.
Мареска ҳам бунга жавобан алмаштириш амалга оширди — Жексон ўрнига декабр ўрталаридан буён гол урмаган Нкункуни туширди. Умуман олганда, «Сити» майдонда кучлироқ кўринди — Мармушда дебютини гол билан нишонлаш учун етарлича имкониятлар бўлди, аммо ғалаба голи «Сити»нинг бошқа бир футболчиси томонидан урилди.
Ҳоланд 68-дақиқадаги эпизодда тўп билан ажойиб муомила қилди, аммо бу ўринда асосий эътибор дарвозабонларга бўлди. Эдерсон бир узатма билан меҳмонларнинг бутун прессингини йўққа чиқарди. Санчес тўпга чиқиш учун олдинга юрди, кейин эса орқага чекинди ва аросатда қолиб кетди ва зарбага қарши ҳеч нарса қила олмади.
Ўйиннинг асосий вақти тугаётганида эса «Сити» амалда ўйин тақдирини ҳал қилди. Бу сафар ҳам мезбонлар «Челси» ҳимоячилари олдинроқда жойлашганидан фойдаланди. Ҳоланд тўпни ташлаб берди, Фоден яккама-якка вазиятда аниқ зарба берди — 3:1. Шу тариқа, «Сити» кучли тўртликка қайтди, «Челси» эса тур якунларига кўра олтинчи поғонага пастлади.
Ўйиндан кейинги интервюсида Пепдан Ҳусанов ҳақида сўрашди. Бош мураббий у кучли рақибларга қарши баҳс олдидан бор йўғи битта машғулот ўтказгани эслатиб, «ҳар қандай ўйинчи хатога йўл қўйиши мумкинлиги, бундай вазиятлар унга яхши сабоқ бўлиши, у ҳали ёш ва албатта ўрганиши»ни айтиб ўтди.
«Ливерпул» – «Ипсвич» 4:1
Голлар: 1:0 – 11 Собослаи, 2:0 – 35 Салоҳ, 3:0 – 44 Гакпо, 4:0 – 66 Гакпо, 4:1 – 90 Гривз.
«Ливерпул» – Алиссон, Робертсон, ван Дейк, Конате, Александер-Арнолд, Мак Аллистер (Дэннс, 80), Гравенберҳ (Эндо, 68), Собослаи (Эллиот, 68), Гакпо (Нунес, 68), Салоҳ, Диас (Киеза, 86).
«Ипсвич» – Уолтон, Дэвис (Таунсенд, 46), Гривз, О`Ши, Туанзебе, Филлипс, Морси, Филоджин-Байдейс (Броудҳед, 79), Ҳатчинсон (Энсисо, 79), Бернс (Жонсон, 29), Делап (Ҳёрст, 79).
Ўтган турда Хосеп Гвардиола йирик ғалабадан (6:0) кейин ҳам «Ипсвич»ни мақтаб, «тракторчилар» клуби бу мавсумда «Челси»ни енгани ва «МЮ» билан дуранг ўйнаганини эслатганди. Чиндан ҳам шундай натижалар бўлганди, аммо футболда айнан ҳозир қандай формада бўлиш муҳим. «Ипсвич» эса «Манчестер Сити» ортидан «Энфилд»да ҳам йирик ҳисобда мағлубиятга учради, меҳмонлар Собослаи 11-дақиқадаёқ жарима майдони ташқарисидан тўпни дарвоза устуни ёнига йўллашига қаршилик кўрсата олишмади. Бўлим охирида эса Гакпонинг саъй-ҳаракатлари билан ҳисоб йирик кўринишга келтирилди.
Танаффусдан кейин яна бир бор ўз номини таблога ёздириб қўйган ҳужумчи — ўйиннинг асосий қаҳрамонига айланди. У дубл ва бир голли узатма муаллифи бўлди. Аммо барча доимгидек Салоҳ ҳақида гапирмоқда, у Гакпонинг олис устунга узатмасидан кейин тўпни ўткир бурчакдан туриб тўрга аниқ йўллади. Мисрлик ҳужумчи голлари сонини 176 тага етказиб, Тиерри Анрини ортда қолдирган ҳолда АПЛ тарихидаги энг яхши тўпурарлар рўйхатида еттинчи ўринга кўтарилди. Унинг кейинги мўлжали — 184 голга эга Серхио Агуэрони қувиб ўтиш. Салоҳнинг ҳозирги формасидан келиб чиқилса, у аргентиналик собиқ футболчини шу мавсумнинг ўзида ортда қолдириши керак, «Ливерпул» эса мавсум чемпионлиги учун навбатдаги қадамни ташлади. Иккинчи ўрин билан фарқ — олти очколигича қолди, қолаверса, мерсисайдликларда «Эвертон»га қарши кечадиган захира ўйини ҳам бор.
«Вулверҳэмптон» – «Арсенал» 0:1
Гол: 0:1 – 74 Калафиори.
«Вулверҳэмптон» – Жозе Са, Агбаду, Буэно, Доэрти (Гедеш, 87), Матеус Куня, Сарабия (Беллгард, 75), Аит-Нури (Гомеш, 87), Гомес, Андре (Дойл, 87), Семеду, Ларсен (Хван Хи Чхан, 32).
«Арсенал» – Райя, Габриэл, Салиба, Люис-Скелли, Тимбер, Райс, Парти, Нванери (Калафиори, 46), Троссард, Ҳавертц, Мартинелли (Тирни, 87).
Четлатишлар: Да Силва 70 – Майлз 43
Микел Артета бошланғич таркиб танлаш билан АПЛда чорак асрдан буён кузатилмаган ишга қўл урди. Аниқ қилиб айтганда — 18 ёшгача бўлган икки инглиз футболчисини илк дақиқалардан майдонга туширди. Аммо 17 ёшли Нванеридан фарқли ўлароқ, 18 ёшли Люис-Скелли бу сафар ишончни оқлай олмади ва биринчи бўлим охирида қизил карточка олиб, жамоасини қийин аҳволга солиб қўйди. 43-дақиқада «Арсенал» бурчак зарбасини ижро этди, тўп жарима майдони ичидан қайтиб чиққанида Троссар уни эгаллай олмади ва рақиб қарши ҳужумга чиқиб кета бошлади, Люис-Скелли эса тактиф фол билан Доэртини тўхтатди, ўйин бош ҳаками Майкл Оливер ёш футболчига дарҳол қизил карточка кўрсатди.
Бу ҳолатни сўнгги умид фоли деб ҳисоблаб бўлмасди, орқароқда лондонликлар футболчиси бор эди ва қоидага кўра бундай вазият учун сариқ карточка кўрсатилади. Вазиятга VAR аралашмади, кейинроқ видеоҳакамлар арбитрнинг қарори тўғри бўлгани, футболчи рақибига бутсасининг остки қисми билан зарба бергани учун қизил кўрсатганини маълум қилди. Ҳолбуки кадрларда зарба бундай берилмаганини кўриш мумкин.
«Арсенал» учун бу жорий мавсумдаги тўртинчи қизил карточка бўлди – бу АПЛнинг жорий мавсуми учун рекорд натижа. Майкл Оливер эса фаолияти давомида «канонирлар» футболчиларига саккизинчи бор қизил карточка кўрсатган, бу унинг шахсий рекорди. «Арсенал» футболчиларига бу мавсумдаги тўрт қизил карточкадан иккитасини Оливер, яна иккитасини шу куни VAR’да ишлаган Крис Кавана кўрсатган.
Лондонликлар бир киши кам бўлиб қолганига қарамай, ташаббусга эгалик қилишда давом этди, иккинчи бўлимда «Вулверҳэмптон» дарвозабони Жозе Са Ҳаверцнинг яқин масофадан бош билан йўллаган зарбасини оёқларида қайтариб қолди. 70-дақиқада эса Жоао Гомес Тимбернинг оёғига бутсасининг остки қисми билан зарба берди ва иккинчи сариқ карточкани олиб майдонни тарк этди. Жамоалар сон жиҳатдан тенглашганидан тўрт дақиқа ўтиб Калафиори ғалаба голини урди. Кейинги турда «канонирлар»ни «Манчестер Сити»га қарши жанг кутмоқда.
«Борнмут» – «Ноттингҳем Форест» 5:0
Голлар: 1:0 – 9 Клюйверт, 2:0 – 55 Уаттара, 3:0 – 61 Уаттара, 4:0 – 87 Уаттара, 5:0 – 90+1 Семенйо.
«Борнмут» – Аррисабалага, Керкез, Ҳейсен, Забарний, Кук, Адамс, Кристи, Семенйо, Клюйверт (Жеббисон, 88), Брукс (Таверне, 80), Уаттара (Силкотт-Дьюберри, 90+2).
«Ноттингҳем Форест» – Зелс, Уилямс (Морено, 67), Мурилло, Миленкович, Айна (Соса, 79), Андерсон, Йейтс (Домингес, 46), Эланга, Гиббс-Уайт (Авонийи, 79), Силва (Морато, 66), Вуд.
«Ноттингҳем» АПЛнинг жорий мавсумидаги ўйинларида биринчи бўлиб ҳисобни очишга одатланган (18 марта) ва бу ўйинларда ютқазмаган. Аммо кучли ўйин кўрсатаётган «Борнмут» майдонида «ўрмончилар» сценарийси иш бермади ва Клюйверт навбатдаги муваффақиятли зарбаси билан «гилослар» жамоасини олдинга бошлади. Лекин бу ҳали бошланиши эди, охирги саккиз тур мобайнида мағлубият нималигини билмаган (+7=1) Нуну Эшпириту Санту шогирдлари иккинчи бўлимда пароканда бўлиб кетди, Уаттара меҳмонлар ҳимоячилари учун даҳшатли тушга айланиб, ҳет-трик амалга оширди. Кетма-кет икки ўйинда турнир жадвалининг юқори ўринларидаги жамоаларни йирик ҳисобда таслим этган Энди Ираола шогирдлари ўзи учун рекорд даражадаги 11 ўйиндан иборатсиз мағлубиятсиз серия билан мақтаниши мумкин. Турнир жадвалида еттинчи ўринга кўтарилиб олган жамоа кейинги турда «Ливерпул»ни қабул қилади.
«Саутҳемптон» – «Нюкасл» 1:3
Голлар: 1:0 – 10 Беднарек, 1:1 – 26, пеналти Исак, 1:2 – 30 Исак, 1:3 – 51 Тонали.
«Саутҳемптон» – Маккарти, Ҳарвуд-Беллис, Беднарек, Бри (Фрэйзер, 88), Фернандеш, Мэннинг (Сугавара, 60), Арибо (Лаллана, 89), Угочукву (Смоллбоун, 79), Уокер-Питерс, Армстронг (Арчер, 60), Онуачу.
«Нюкасл» – Дубравка, Ҳолл, Берн, Шер, Ливраменто, Жоэлинтон, Тонали, Бруно Гимараэс (Майли, 79), Гордон (Алмирон, 88), Мерфи (Лонгстафф, 90+2), Исак (Уиллок, 80).
Ўтган турда «Нюкасл» «Борнмут»га йирик ҳисобда ютқазиб (1:4), саккиз учрашувдан иборат ғалабали сериясини тўхтатганди. Аутсайдерга қарши навбатдаги ўйин ҳам «қарғалар» учун кутилмаган тезкор гол ўтказиш билан бошланди. Аммо Эдди Ҳау жамоаси биринчи бўлимнинг ўзидаёқ вазиятни ўз томонига оғдирди, ўтган ўйинда саккиз ўйинлик голли сериясини давом эттира олмаган Исак аввалига пеналтидан ҳисобни тенглаштирди, иккинчисини ўйиндан урди. Энди Исакнинг АПЛдаги голлари сони 48 тага етди ва у АПЛдаги энг сермаҳсул швециялик бўлган «Арсенал» афсонаси Фредди Юнгбергга етиб олди. «Нюкасл» эса топ-4 учун курашда «Челси» ва «Сити» билан рақобатлашишда давом этмоқда.
Испания: «Атлетико» секинлашди
«Атлетико» – «Вилярреал» 1:1
Голлар: 0:1 – 29, пеналти Жерар Морено, 1:1 – 58 Лино.
«Атлетико» – Облак, Рейнилду (Лино, 46), Ле Норман, Витцел, Молина, Галлахер (Де Паул, 46), Коке (Лиоренте, 71), Барриос, Симеоне (Аспиликуэта, 46), Алварес, Корреа (Гризманн, 59).
«Вилярреал» – Жуниор, Кардона, Коста, Камбвала, Фемения, Алекс Баэна (Кабанес, 90+1), Гуйе, Комесаня, Пино (Денис Суарес, 68), Барри (Пепе, 68), Жерар Морено (Айосе Перес, 68).
Яқиндагина «Атлетико» барча турнирлар доирасидаги 15 ўйинлик серияси билан мақтаниши мумкин эди, шундан кейин рақобатчиларнинг натижалари фонида Диего Симеоне жамоасини соврин учун асосий даъвогар сифатида кўра бошлашганди. Аммо ЕЧЛда «Байер» устидан қозонилган ёрқин ғалаба ла лигада беш очко йўқотилиши билан бирга кечди. Ўтган уик-эндда «матрасчилар» сенсацион равишда «Леганес»га ютқазганди (0:1), энди эса «Вилярреал» билан дурангга рози бўлди.
«Сариқ субмариналар» сафида Жерар Морено пеналтини аниқ ижро этиб, ҳисобни очди, у «Атлетико» дарвозасига қаторасига учинчи мавсум сафар ўйинида гол урмоқда. XXI асрда бундай серияни фақат Роналдо, Месси, Игуаин ва Это'О уддалай олганди. Иккинчи бўлимда Алвареснинг товонда йўллаган зарбаси қайтарилганида тўпга биринчи бўлиб Самуэл Лино етиб келди ва ҳисобни тенглаштирди. Бу дуранг эвазига мадридликлар ҳисобда ортда борган ўйинларида вазиятни ўзгартириш орқали қўлга киритган очколар сони 16 тага етди. Бундай рақамлар билан фахрланиш мумкин, аммо йўқотилган икки очко «Реал» учун навбатдаги совға бўлди.
«Валядолид» – «Реа«» 0:3
Голлар: 0:1 – 30 Мбаппе, 0:2 – 57 Мбаппе, 0:3 – 90+1, пеналти Мбаппе.
«Валядолид» – Хейн, Лукас Роза, Торрес, Санчес, Перес, Амалла, Мартин, Ануар, Силла (Чуки, 86), Санчес (Кике Перес, 62), Маркос Андре (Латаса, 79).
«Реал» – Куртуа, Фран Гарсия, Рюдигер, Тчуамени, Асенсио (Алаба, 68), Валверде (Агуадо, 90+2), Себалйос (Модрич, 68), Родриго (Гулер, 73), Беллингҳем, Браим Диас, Мбаппе (Эндрик, 90+2).
Четлатиш: Мартин (90).
«Қироллик клуби» қизиб олиши учун одатдагидек бироз вақт керак бўлди. Кейин эса мадридликлар турли йўналишларда ҳужумлар уюштира бошлади, бу ҳужумлардан бирида Мбаппе Беллингҳем билан «девор» услубида ўйнаб ҳисобни очди. «Реал» футболчилари иккинчи голли комбинацияда ҳам савиядаги фарқни яққол намойиш этишди. Бу ҳужум майдон марказида тўпни олиб қўйиш билан бошланди, ҳимоячилар ортида қолган бўшлиқда мадридлик юлдузлар эркин ҳаракатланишди ва Родригонинг узатмасига етиб борган Мбаппе яна бир бор ўз номини таблога ёздириб қўйди.
Ўйин охирида эса франциялик ҳужумчи ниҳоят мадридликлар сафидаги илк ҳет-тригини нишонлади — бу вазиятда VAR арбитрга Беллингҳем жарима майдони ичида йиқитилгани ҳақида хабар берди ва нуқтага яқинлашган Килиан аниқ зарба берди ва «Реал» сафидаги 31 ўйинда 22 та гол уриб улгурди. У ҳозирча голли сериясини беш ўйинга етказди.
Қаторасига тўртинчи бор йирик ҳисобда ғалаба қозонган «Реал» «Атлетико» билан орадаги фарқни тўрт очкога етказди, қолаверса ла лига рекордини ўрнатиш учун ҳаракатни давом эттирмоқда. Қаймоқранглиларнинг сафар ўйинларидаги голли серияси 31 ўйинга етди, бундан яхшироқ натижани «Реал»нинг ўзи 2016-2017 йиллар мавсумида 35 ўйин билан қайд этганди.
Италия: иродали ғалабалар куни
«Комо» – «Аталанта» 1:2
Голлар: 1:0 – 30 Пас, 1:1 – 56 Ретеги, 1:2 – 70 Ретеги.
«Комо» – Бюте, Алберто Морено (Феллипе Жек, 26), Кемпф (Белотти, 74), Доссена, Энгелҳардт, Перроне (Какре, 68), Да Куня, Пас, Фадера, Диао, Стрефецца (Кутроне, 68).
«Аталанта» – Карнезекки, Колашинац, Жимшити, Скалвини (Руджери, 55), Самаржич, Дзаппакоста (Белланова, 46), Эдерсон, де Рон (де Кетеларе, 46), Куадрадо (Брешианини, 56), Лукман (Толои, 78), Ретеги.
«Аталанта» ҳафта ўртасида Чемпионлар лигасида «Штурм» дарвозасига бешта жавобсиз гол урганди, аммо А серияда Жан Пиеро Гасперини жамоаси қийналмоқда. Комога бергамоликлар беш учрашувдан иборат ғалабасиз серия билан (=3-2) ташриф буюрди ва биринчи бўлим ўрталарида Паснинг голидан кейин ҳисобда ортда қола бошлади. Аммо «Аталанта» иккинчи бўлимда Брешианини ва Ретеги боғлами эвазига вазиятни ўз томонига оғдирди. Уларнинг биринчиси ҳужумдаги шеригига икки бор ассистентлик қилди, келиб чиқишига кўра аргентиналик бўлган футболчи мавсумдаги голлари сонини 16 тага етказди.
«Наполи» – «Ювентус» 2:1
Голлар: 0:1 – 43 Коло-Муани, 1:1 – 57 Замбо-Ангисса, 2:1 – 69, пеналти Лукаку.
«Наполи» – Мерет, Спинаццола, Жезус, Ррахмани, Ди Лоренцо, Мактоминей, Лоботка (Гилмор, 89), Замбо-Ангисса, Нерес (Нгонж, 90+2), Лукаку (Симеоне, 89), Политано (Маццокки, 82).
«Ювентус» – Ди Грегорио, Камбьязо (Савона, 65), Калулу, Гатти, Маккенни, Тюрам, Локателли (Дуглас Луис, 74), Гонсалес (Франсишку Консейсау, 74), Копмейнерс, Йилдиз (Мбангула, 65), Коло-Муани (Влаҳович, 82).
Чемпионат пешқадами мавсум бошидан буён 21 турда ҳам ютқазмаган (13 та дуранг) жамоани қабул қилди. Неаполдаги ўйин турнинг марказий ўйини мақомига мос кечди. «Ювентус» шу куни ёрқин дебют ўтказган Коло Муанининг голидан кейин ҳисобда олдинга чиқиб олди (у «ПСЖ» сафида 1 сентябрдан буён гол урмаганди). Аммо француз ҳужумчисининг муваффақияти ҳам, Ди Грегорионинг сейвлари ҳам Тиагу Мотта жамоасини илк мағлубиятдан қутқариб қололмади.
«Наполи» қаторасига иккинчи турда чемпионлик характерини намойиш этмоқда. Ўтган дам олиш кунларида Антонио Конте шогирдлари «Аталанта»га қарши ўйинда ҳам ҳисобда ортда боришган, аммо якунда уч очкога эга чиқишганди (3:2). Бу сафар сценарий қисман такрорланди. Замбо-Ангисса Политанонинг узатмаси билан ҳисобни тенглаштирди, у бу мавсумда учинчи марта бош билан гол урди, Лукаку эса Локателлининг Мактоминайга ишлатган қўполлиги учун белгиланган пеналтини аниқ ижро этди. Белгиялик учун бу топ-5 лигалардаги 200-гол бўлди, бу ғалаба эвазига «Наполи» «Интер» захирадаги ўйинларида ғалаба қозонган тақдирда ҳам биринчи ўринда қолади.
Германия: «Бавария»да «плюс 6»
«Фрайбург» – «Бавария» 1:2
Голлар: 0:1 – 15 Кейн, 0:2 – 54 Ким Мин Жэ, 1:2 – 68 Гинтер.
«Фрайбург» – Атуболу, Макенго (Грегорич, 85), Линхарт, Розенфелдер (Гинтер, 46), Кюблер, Ҳефлер, Эггештайн (Манзамби, 77), Рел, Динкчи (Грифо, 77), Доан, Хелер (Адаму, 75).
«Бавария» – Нойер, Геррейру (Палиня, 83), Ким Мин Жэ, Дайер, Киммиҳ, Горетцка (Станишич, 41), Павлович, Гнабри (Коман, 63), Мусиала (Мюллер, 83), Сане (Олисе, 63), Кейн.
«Фрайбург» майдонида меҳмонлар кучли босим ўтказишди. Мусиаланинг зарбаси устунга тегди, лекин тўпни қабул қилиб олиш чоғида ажойиб ҳаракат қилган Кейн ноябр ойи охиридан буён илк бор ўйиндан гол урди. Сўнгги вақтларда Ҳарри фақат 11 метрлик зарбалари билан ўз голлар ҳисобини тўлдириб бораётганди, аммо бу серияни ватандоши Дайер ёрдамида тўхтатди. Иккинчи бўлим бошида эса Киммиҳнинг бурчакдан ошириб берган тўпини Ким Мин Жэ дарвозага йўллади. Мезбон футболчилар кореялик футболчи бу вазиятда дарвозабонга фол ишлатганига ҳакамни ишонтира олишмади, Гинтернинг биргина жавоб голи эса жамоага очко келтирмади.
«Лейпциг» – «Байер» 2:2
Голлар: 0:1 – 18 Шик, 0:2 – 36 Алеиш Гарсия, 1:2 – 41 Раум, 2:2 – 84, автогол Тапсоба.
«Лейпциг» – Гулачи, Раум, Орбан, Битшиабу, Клостерманн (Баумгартнер, 67), Симонс, Кампль (Зайвальд, 51), Вермерен (Айдара, 51), Нуса (Баку, 67), Шешко, Опенда (Поульсен, 74).
«Байер» – Градецки, Инкапиэ, Тапсоба, Та, Мукиеле, Джака, Андрих (Паласиос, 46), Алеиш Гарсия, Виртц, Артур (Фримпонг, 66), Шик (Телла, 66).
«Байер» Лейпцигдаги ўйинни кучли бошлаган ва биринчи бўлимнинг ўзида икки гол устунлигига эришган бўлса-да, якунда «Бавария» олти очкога ўзиб кетишига йўл қўйиб берди. Дастлабки гол Вирцнинг юриши якунида тўп устунга тегиши ва Шикнинг оёғига келиб тушиши билан урилди. Кейин эса леверкузенликлар прессинг билан тўпни олиб қўйишди — Вирц эса тўпни қулай вазиятдаги Алейш Гарсияга етказиб берди.
Мезбонларни ҳимоячи Раум ўйинга қайтарди. Бу вазиятда жарима зарба ижро этилганидан кейин «жонли девор»га теккан тўп рикошет бўлиб дарвозага борди ва Градецки ҳеч нарса қила олмади. «Лейпциг»нинг иккинчи голи ҳам меҳмонлар дарвозабони учун аламли тарзда урилди. Симонснинг жарима майдонига узатмаси унчалик хавфли чиқмаганди, аммо Тапсоба тўпни бош билан ўз дарвозаси «тўққизлиги»га йўналтириб юборди.
«Боруссия» Д – «Вердер» 2:2
Голлар: 1:0 – 28 Гирасси, 2:0 – 51, автогол Фридл, 2:1 – 64 Битенкур, 2:2 – 72 Дукш.
«Боруссия» Д – Кобел, Бенсебайни, Шлоттербек, Жан, Рюэрсон, Нмеча (Забитцер, 12), Гросс, Брандт (Антон, 77), Гиттенс (Байер, 61), Гирасси, Адейеми (Дюранвил, 61).
«Вердер» – Цеттерер, Юнг, Фридл, Велкович, Кен (Каборе, 60), Шмид, Линен (Битенкур, 60), Стаге, Вайзер, Дукш (Берк, 87), Грюлл (Нджинма, 60).
Четлатиш: Шлоттербек (21).
«Майнц» – «Штутгарт» 2:0
Голлар: 1:0 – 29 Вайпер, 2:0 – 86 Каси.
«Майнц» – Центнер, Белл, да Кошта (Ханче-Олсен, 65), Кор (Ляйтш, 74), Ли Жэ Сон, Небел, Мвене, Амири, Сано, Каси (Видмер, 88), Вайпер (Зиб, 74).
«Штутгарт» – Нюбел, Миттелштедт (Хендрикс, 62), Аль-Дахиль, Руо (Шабо, 86), Вагноман, Штиллер, Каразор (Ридер, 72), Фюрих (Левелинг, 62), Бруун Ларсен (Демирович, 72), Волтемаде, Ундав.
Нури Шаҳин ишдан кетганидан кейинги илк ўйинда «Боруссия»ни даниялик Марк Туллберг бошқарди, дортмундликларнинг U-19 жамоасида ишлайдиган ушбу мутахассис «Вердер» билан ўйиндан кейин ўзининг доимий иш жойига қайтиши керак. Жамоа янги бош мураббийи бўлиш учун Луи ван Гал, Эрик тен Ҳаг, Рогер Шмидт ва Нико Ковач номлари тилга олинмоқда. Лекин икки нидерландиялик мутахассисга ишонч билдирилиши қийин, Ковач билан боғлиқ вазиятда эса клубнинг таклифи хорватиялик мутахассисни қониқтирмайди, бу таклифга кўра, шартнома фақат мавсум охиригача тузилади, ёзда эса узоқ муддатли келишув муҳокама қилиниши мумкин.
Шанба куни «асаларилар» биринчи бўлим ўрталаридаёқ Шлоттербек четлаштирилгани туфайли озчиликда ўйнашига тўғри келди. Аммо бир киши кам ҳолатида улар ҳисобда олдинга чиқиб олишди, Гирасси Брандт ташлаб берган тўпни дарвозага йўналтириб юбора олди. Ҳисобни очган форвард иккинчи бўлимда меҳмонлар ўз дарвозасини ишғол этиб қўйишига сабабчи бўлди, аммо сон жиҳатдан озчилик барибир билинди ва «Боруссия» қолган вақт давомида икки гол устунлигини бой берди ва турнир жадвалида «Вердер»ни қувиб ўтиб, еврокубоклар ҳудудига яқинлаша олмади.
Бу ҳудудда эса шу куни тўртинчи ўриндаги «Штутгарт»ни мағлуб этган «Майнц» мустаҳкам жойлашиб олган. Шваблар йилни қаторасига тўрт ғалаба билан бошлаганди, аммо энди фақат қўшимча кўрсаткичлар эвазига «Лейпциг»ни ортда қолдирмоқда, «Майнц» билан орадаги фарқ эса — атиги бир очко.
Кун статистикаси
«Манчестер Сити» яримҳимоячиси Фоден фаолиятида 1-марта АПЛнинг қаторасига тўрт ўйинида гол урди.
«Бенфика» 2010/11 йиллар мавсумидан буён 19 турда 4 бор ютқазди.
«Манчестер Сити» дарвозабони Эдерсон голли узатмалари сонини 5 тага етказди. Бразилиялик посбон энди Пол Робинсон билан биргаликда АПЛ рекордини бўлишиб турибди.
Хорхе Сампаоли «Ренн» бош мураббийлигидаги дастлабки саккиз ўйинидан 6 тасида ютқазди. Қизил-қоралар учун бу 1987 йилдан буён янги мураббий бошчилигидаги энг ёмон стартдир.
«Галатасарой» дарвозабони Муслер Туркия чемпионатида 429 ўйин ўтказиб, клуб рекордини ўрнатди.
«Эвертон» бош мураббийи Дэвид Мойес АПЛда 700-ўйинини ўтказди. Бунгача бундай довондан фақат Арсен Венгер (828) ва Алекс Фергюсон (810) қайд этган.
Тавсия этамиз
Coca-Cola таркибида хлорат кўп бўлгани учун Европадаги маҳсулотларини қайтариб олди
Жаҳон | 17:25 / 28.01.2025
АҚШда юк ташиш инқирози тугадими?
Жаҳон | 16:03 / 28.01.2025
Колумбия президенти муҳожирларни қуваётган АҚШга: «Уларга жиноятчидек муомала қилманг»
Жаҳон | 23:24 / 27.01.2025
Сунъий интеллект етакчилари – Давосда. Улар нималар дейишди?
Фан-техника | 19:09 / 27.01.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Россия Суриядаги ҳарбий контингентини Ливияга кўчирадими?
Жаҳон | 09:05
-
Кая Каллас: Европа Иттифоқи ва АҚШнинг Украинадаги урушга қарашлари бир хил
Жаҳон | 09:02
-
Ўзбекистонликлар доимий яшаш учун асосан қайси давлатга кўчиб кетаётгани айтилди
Ўзбекистон | 08:40
-
Испаниядаги Rheinmetall заводида портлаш: жабрланганлар бор
Жаҳон | 08:21
Мавзуга оид
03:32
Европа Лигаси. Шомуродовнинг голи «Рома»ни ўтиш босқичига олиб чиқди, «МЮ» ва «Тоттенҳэм» тўғридан тўғри 1/8 финалда
14:17 / 30.01.2025
ЕЧЛда гуруҳ босқичи якунлари: «Сити»ни ўтиш ўйинларида «Реал» ёки «Бавария» кутади
03:00 / 30.01.2025
ЕЧЛ. «Сити» иродали ғалаба билан ўтиш босқичига йўл олди, «Реал» ва «Бавария» ҳам қўшимча плей-оффда ўйнайди
19:18 / 29.01.2025