Доналд Трамп АҚШ Таълим вазирлигини “фирибгарлик уйи” деб атаб, уни ёпишга қарор қилди. Президент бу ҳақидаги фармонни 20 март куни имзолайди. Reuters’га кўра, Оқ уй бу фармонни узоқ кутилган дея таърифламоқда. Фармон имзоланишидан аввал бир гуруҳ демократ прокурорлар эътирозига сабаб бўлмоқда. Улар Трампнинг бу иши ортидан таълим вазирлиги ходимлари ишсиз қолиб кетиши ва буни тўхтатиб туришни сўраб судга мурожаат қилган.

АҚШдаги йирик жамоатчилик ташкилотларидан бири, ранг-баранг авлод одамларини ривожлантириш миллий ассоциацияси NAACP ҳам президент фармонини конституцияга зид демоқда. Бу ташкилот асосан қора танлилар ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Ташкилот президенти Деррик Жонсон бу фармон имзоланадиган 20 март санасини халқ учун оғир ва қоронғи кун, дея атади.

"Сифатли таълим федерал молиялаштиришга боғлиқ. Трампга овоз берган миллионлаб америкалик болалар, шу жумладан, камбағал ва қишлоқ жойлардаги ота-оналар учун бугун қоронғи кундир”, дейди у.

Ҳозиргача Трамп ва унинг миллиардер маслаҳатчиси Илон Маск Конгресс фикри ва рухсатисиз АҚШ Халқаро Тараққиёт агентлиги (USAID) каби давлат дастурлари ва институтларини ёпди. Лекин таълим вазирлигининг ёпилиши Вазирлар Маҳкамаси даражасидаги биринчи йирик қисқартиришга айланмоқда.

Reuters’га кўра, Трамп таълим вазирлигини Конгресс қонунларисиз ёпа олмайди, бу қийин бўлиши мумкин. Тўғри, Трамп республикачилари Сенатда 53-47 кўпчилик овозга эга, аммо Вазирлар Маҳкамаси даражасидаги агентликни бекор қилувчи қонун лойиҳаси каби асосий қонунлар ўтиши учун камида 60 овоз ва шу тариқа етти нафар демократнинг ҳам қўллаб-қувватлаши керак бўлади.

Сенатдаги демократлар эса аксинча, таълим департаментини тугатишни қўллаб-қувватламайди.

"Трамп ва Маск Таълим вазирлигини вайрон қилувчи тўпни олиб боришяпти ва департаментнинг ярим ишчиларини ишдан ҳайдашяпти. Бу шунчаки федерал тизимни йўқ қилиш, ёқиш ва кесиб ташлаш”, дейди демократ сенатор Патти Мюррей.

Фармон амалдаги таълим вазири Линда МакМаҳонга америкаликлар таянадиган хизматлар, дастурлар ва имтиёзларни самарали ва узлуксиз етказиб беришни таъминлашда давом этиш билан бирга, таълим департаментини ёпиш, ундаги ваколатларни эса штатларга қайтариш топшириғини белгиламоқда. 

Оқ уйнинг хулосасига кўра, таълим вазирлигининг қолган маблағларини оладиган ҳар қандай дастур ёки тадбирлар гендер, инклюзивлик мафкурасини илгари сурмаслиги керак. Трамп ҳозиргача бир неча бор таълим департаментини йўқ қилишга чақириб, вазирлик “катта фирибгарлик” уйи деб атаган. У президент сифатидаги биринчи муддатида ҳам уни ёпишни таклиф қилди, аммо конгресс бунга йўл қўймаганди.