Президент Шавкат Мирзиёев кўпмиллатли Ўзбекистон халқини қутлуғ айём – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабанинг 80 йиллиги билан муборакбод этди.

«Мана шу ҳаяжонли, айни пайтда изтиробли дамларда инсониятни фашизм балосидан халос этишга муносиб ҳисса қўшган қаҳрамон аждодларимизни ёд этиб, уларнинг ёрқин хотираси олдида таъзим қиламиз.

Бугунги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этишда олтинга тенг дуолари, маслаҳатлари билан фаол иштирок этиб келаётган муҳтарам уруш ва меҳнат фахрийларига алоҳида қутлов ва ташаккурларимизни изҳор этамиз.

Ҳеч шубҳасиз, тинч ва фаровон ҳаёт посбонлари улуғланадиган ушбу мунаввар айёмда мустақиллик йилларида Ватанимиз озодлиги, халқимиз осойишталигини ҳимоя қилиш йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган жасур ҳарбийларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтириш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир», дейилади табрик сўзида.

Қайд қилинишича, фашизмга қарши қонли жангларда ўша пайтда 6 миллион 800 минг нафарни ташкил этган аҳолининг қарийб 2 миллион нафари иштирок этган. Шундан 540 мингга яқини ҳалок бўлган, 158 минг нафари бедарак йўқолган, 50 мингдан ортиғи концлагерларда мислсиз қийноқ ва азоблар туфайли ҳалок бўлган, 60 мингдан зиёди ногирон бўлиб қайтган.

Ўзбекистонлик аскар ва офицерлардан 214 мингга яқини жанговар орден ва медаллар билан мукофотлангани, 301 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони деган юксак унвонга, 70 нафардан зиёди учала даражадаги “Слава” орденига сазовор бўлган.

Мамлакат уруш йилларида фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айлангани, республикамиздан жанг майдонларига жуда катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, дори-дармон, кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар етказиб берилгани ўша суронли даврнинг яна бир унутилмас саҳифасини ташкил этади.

Уруш олови ичида қолган ҳудудлардан Ўзбекистонга 170 дан ортиқ завод ва фабрика кўчириб келтирилди, қисқа муддатда 280 та янги корхона бунёд этилди.

Халқ ғоят оғир ва мураккаб шароитда уруш ҳудудларидан ўлкамизга олиб келинган 1 миллион 500 мингга яқин инсонни, жумладан, ота-онасидан жудо бўлган 250 минг нафар етим болани бағрига олиб, уларга меҳр-мурувват кўрсатди.

«Тарих китобига муҳрланган бундай мисолларни бугун яна бир бор эсга олар эканмиз, ҳар қандай вазиятда ҳам инсоний эътиқодига содиқ қолган олижаноб ва бағрикенг халқимизнинг буюк гуманистик фазилатларига таҳсин ва тасаннолар айтамиз», дейилади табрик сўзида.