Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БМТнинг 500 дан ортиқ ходими Ғазодаги урушни «геноцид» деб аташни талаб қилди
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Bолкер Тюрк идорасидаги юзлаб ходимлар унга мурожаат қилиб, Ғазодаги урушни «аниқ равишда давом этаётган геноцид» сифатида тасвирлашни сўради. Бунга қадар кўплаб инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва БМТнинг мустақил экспертлари Исроилнинг уруши – Фаластин халқини геноцид қилиш эканини тан олган.
Фото: REUTERS/Amir Cohen
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарияти (OHCHR) – 1993 йилда ташкил этилган ва инсон ҳуқуқларини тарғиб қилиш ҳамда ҳимоя қилиш билан шуғулланади. Унинг Женевадаги бош идорасига қилинган мурожаатни тахминан 2 000 глобал ходимининг чорак қисми қўллаб-қувватлаган.
Reuters нашри тасдиқлаган хатда айтилишича, ходимлар деярли икки йилдан бери давом этаётган Исроил-Ҳамас уруши бўйича геноциднинг ҳуқуқий мезонлари бажарилган деб ҳисоблайди. Улар бу фикрни ҳужжатлаштирилган ҳуқуқбузарликларнинг кўлами, миқёси ва характери билан асослаган.
«БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги геноцидни қоралаш борасида кучли ҳуқуқий ва ахлоқий мажбуриятга эга», дейилади хатда. Бу хат 500 дан ортиқ ходим номидан ходимлар қўмитаси томонидан имзоланган бўлиб, Bолкер Тюркни «аниқ ва очиқ позиция» билдиришга чақирган.
«Давом этаётган геноцидни қораламаслик БМТнинг ишончлилиги ва инсон ҳуқуқлари тизимини емиради», дейилади хатда.
Ғазода Исроилнинг ҳаракатларини бир неча бор қоралаган ва тобора кучайиб бораётган жиноятлар хавфи ҳақида огоҳлантирган Тюрк эса хат муҳим масалаларни кўтарганини билдирди.
«Мен ҳаммамиз гувоҳ бўлаётган даҳшатлардан келиб чиққан ахлоқий ғазаб туйғусини ва халқаро ҳамжамиятнинг бу вазиятни тўхтата олмаётганидан келиб чиқаётган умидсизликни ҳис қилаётганимизни биламан», деган у жавоб хатида. Шунингдек, у ходимларни «бундай қийинчилик қаршисида идора сифатида бирлашиб қолишга» чақирди, деб ёзмоқда Reuters.
БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррикнинг айтишича, бош котиб Антонио Гутерриш Олий комиссарни тўлиқ ва сўзсиз қўллаб-қувватлайди. У қўшимча қилиб шундай деди: «Бирор воқеани геноцид деб аташ ваколати фақат ҳуқуқий органларга тегишли».
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги эса БМТ ички ходимларининг хатларига «улар Исроилга нисбатан кўр-кўрона нафрат билан йўғрилган бўлса ҳам» жавоб бермаслигини билдирди. Исроил илгари ҳам Ғазодаги геноцид айбловларини рад этганди.
Инсон қўли билан яратилган фалокат
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, Исроил ҳужумлари натижасида ҳудудда қарийб 63 минг одам ҳалок бўлган. Глобал очарчилик мониторинг тизими эса ҳудудда расман очарчилик бошланганини қайд этган.
Amnesty International каби кўплаб ҳуқуқий ташкилотлар аллақачон Исроилни геноцидда айблаган. БМТнинг мустақил эксперти Франческа Албанезе ҳам бу атамани ишлатган. Бироқ БМТнинг ўзи ҳали «геноцид» сўзини расмий равишда қўлламаган. БМТ расмийси «геноцидни белгилаш халқаро судларнинг вазифаси» эканини айтиб келади.
2023 йилда Жанубий Африка Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларига доир геноцид иши билан Халқаро судга мурожаат қилган эди. Аммо ишнинг моҳияти ҳали кўриб чиқилмаган, бу жараён йиллар давом этиши мумкин.
Мавзуга оид
18:54 / 06.12.2025
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар амалга оширилади
07:35 / 06.12.2025
Ракета ўрнига нур: Исроил дунёдаги биринчи жанговар лазерни жойлаштириш арафасида
13:42 / 05.12.2025
Исроил «Евровидение-2026»да қатнашади, қатор давлатлар танловни бойкот қилади
12:51 / 05.12.2025