Сўнгги олти ой ичида, 2025 йил март ойидан бери Россия қўшинлари Украинадаги 149 та аҳоли пункти ва 3,5 минг квадрат километрдан ортиқ ҳудудни эгаллаб олган. Бу ҳақда Украинадаги бирлашган қўшинлар гуруҳи қўмондони, Россия Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов маълум қилди.
У Россия Украинага қарши урушни тўхтатмоқчи эмаслигини таъкидлаган.
«Қўшинлар (кучлар) бирлашган гуруҳи томонидан махсус ҳарбий операция вазифаларини бажариш ҳужум ҳаракатларини олиб бориш билан давом эттирилади. Бугун куз мавсуми учун йўналишлардаги қўшинлар гуруҳлари олдига қўйилган вазифаларни аниқлаштириб оламиз», – деди у.
Герасимовнинг нутқи акс этган видеони РФ мудофаа вазирлиги эълон қилди ва у «2025 йилги баҳор-ёз кампанияси якунларини сарҳисоб қилгани ва келгуси истиқболдаги вазифаларни аниқлаштиргани» таъкидланади.
«Стратегик ташаббус <...> тўлиқ Россия қуролли кучларида», – деди Бош штаб раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, 2025 йил кузига келиб Россия армияси аннексия қилинган Луҳанск областининг 99,7 фоизини (60 квадрат километрдан камроқ қисми Украина назоратида қолмоқда), аннексия қилинган Донецк областининг 79 фоизини эгаллаб олган, шунингдек, Херсон ва Запорижжя областларининг 76 ва 74 фоиздан қисмини назорат қилмоқда.
Герасимовнинг сўзларига кўра, РФ ҳарбийлари чегара бўйлаб «хавфсизлик зонаси» яратиш вазифасини муваффақиятли бажармоқда. Хусусан, Суми областида 210 квадрат километр ҳудуд ва 13 та аҳоли пункти Россия қўшинлари назоратига ўтган. Днипропетровск областида эса еттита аҳоли пункти Россия назорати остида. Харкив областида Россия қўшинлари Купянск шаҳрини «деярли тўлиқ блокировка қилди», дея қўшимча қилди Россия Бош штаби раҳбари.
Унинг баёнотида 2025 йилнинг баҳор-кузи давомида Россия Украинадаги 76 та муҳим объектга йирик зарбалар бергани қайд этилган. «Ракета мажмуалари ва узоқ масофали учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқарувчи корхоналарни йўқ қилишга устувор аҳамият берилади», – дейди ҳарбий мулозим.
Герасимов, шунингдек, 28 ва 30 август кунлари Украинага уюштирилган оммавий зарбалар «ҳарбий-саноат комплекси билан боғлиқ корхоналарга» берилганини айтди. ОАВ зарбалар оқибатида Киевда кўп қаватли турар жой биносининг подъезди вайрон бўлгани ва 25 киши (шу жумладан тўрт бола) ҳалок бўлгани, қолган ҳудудларда эса фуқаролик инфратузилмасига зарар етказилгани ҳақида хабар берган эди.








