Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ISW: Россия Бош штаби армиянинг Украинадаги ютуқларини ошириб кўрсатган
ISW таҳлилчиларига кўра, Россия армияси сўнгги ойларда Украина ҳудудининг 2346 квадрат километрини ва 130 та аҳоли пунктини эгаллаб олишга муваффақ бўлган. Бу рақамлар Россия Бош штабининг ҳисоб-китобларидан анча паст.
Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов баҳорги-ёзги ҳужум кампанияси пайтида Россия армиясининг Украинадаги ютуқларини сезиларли даражада бўрттириб кўрсатган, деб ёзади Америка урушни ўрганиш институти (ISW) таҳлилчилари 31 август, якшанба кунги кунлик шарҳида.
Бир кун аввал Россия Бош штаби раҳбари Россия қўшинлари 2025 йил мартидан буён Украинанинг 149 та аҳоли пункти ва 3,5 минг квадрат километрдан ортиқ ҳудудини қўлга киритганини маълум қилганди. Ўз навбатида, ISW фронтдан олинган фотосуратлар ва видеоларни таҳлил қилиши шуни кўрсатдики, Россия армияси бор-йўғи 2346 квадрат километр аҳоли пункти ва 130 га яқин ҳудудни эгаллаб олишга муваффақ бўлган. Бундан ташқари, таҳлилчиларга кўра, Россия Донецк вилоятининг 76,7 фоизини, Херсон вилоятининг 73,2 фоизини ва Запорижжя вилоятининг 73 фоизини эгаллаб олган. Герасимов эса мос равишда 79, 76 ва 74 фоиз ҳақида таъкидлаган эди. Россия Мудофаа вазирлиги ва ISW'нинг Луханск вилояти учун баҳоси — 99,7 фоиз — мос келди.
ISW таҳлилчиларининг фикрича, Москва муваффақиятлар ҳақида баёнотлар бериш орқали Россия армиясининг тез суръатлар билан олға силжиши ҳақида нотўғри тушунча яратишга ва шу тариқа Ғарб сиёсатига таъсир ўтказишга ҳаракат қилмоқда. «Кремл Ғарбни Россия жанг майдонида муқаррар равишда ўз ҳарбий мақсадларига эришишига ишонтиришга уринмоқда, яъни Украина Россиянинг талабларига бўйсуниши, Ғарб Украинани қўллаб-қувватлашни тўхтатиши керак», дейилади ҳисоботда.