Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Уй-жой сотиб олишда кешбэк ва отага алимент тўламаган фарзандларнинг жазоланиши – маҳаллий дайжест
Қурилиш секторида яширин иқтисодиётнинг улушини камайтириш мақсадида уй-жой сотиб олишда кешбэк жорий этилиши мумкин. Хоразмда кекса отасини моддий таъминламаган фарзандлар жиноий жазога тортилди. Солиқ қўмитаси 100 млн сўм компенсация ҳақидаги ёлғон хабарлардан огоҳлантирди. Kun.uz ёритган ушбу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Уй-жой сотиб олишда кешбэк жорий этилиши мумкин
Қурилиш секторида яширин иқтисодиётнинг улушини камайтириш мақсадида жисмоний шахсларга олди-сотди битими суммасидан 5−6 фоиз кешбэк жорий этилиши мумкин.
Қайд қилинишича, ҳозир уй-жойларнинг атиги 10 фоизга яқини қўшилган қиймат солиғи билан, қолган 90 фоизи эса солиқсиз сотиб олиняпти. Янги тартиб вазиятни ўзгартиришига умид қилинмоқда, чунки харидорлар кешбэк олиш мақсадида қурувчидан ҳисоб-фактура талаб қилиши мумкин.
Хоразмда кекса отасини моддий таъминламаган фарзандлар жиноий жазога тортилди
Ота 3 нафар фарзандини судга берди. Фарзандлар суд қарори билан отасининг таъминоти учун ҳар бирига белгиланган ойлик – 130 минг сўм алимент пулини тўламай келган.
«Турмуш ўртоғим вафотидан кейин фарзандларим мени ёлғиз ташлаб қўйди. Ахир мен уларни туғилганидан вояга етгунига қадар парваришлаганман», деди отахон судда.
Ўзбекистон қонунчилигида вояга етган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаганлиги учун жавобгарлик белгиланган.
Солиқ қўмитаси 100 млн сўм компенсация ҳақидаги ёлғон хабарлардан огоҳлантирди
Интернет тармоғидаги сохта веб-сайт орқали Ўзбекистон фуқароларига 100 млн сўмгача компенсация тўлаб берилиши ҳақида Солиқ қўмитаси раиси номидан хабар тарқалмоқда.
Солиқ қўмитаси ушбу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги ва фейк эканини маълум қилди. Қонунлар, ҳукумат қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фақат расмий манбалар орқали эълон қилинади.
Меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 21 миллиондан ошди
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 12,2 миллион киши (32,2 фоиз) меҳнатга лаёқатли ёшдан кичик, 21,2 миллион киши (56 фоиз) меҳнатга лаёқатли ёшда ва 4,5 миллион киши (11,8 фоиз) меҳнатга лаёқатли ёшдан каттадир.
Экспертларнинг таъкидлашича, меҳнатга лаёқатли аҳолининг юқори улуши мамлакат учун «демографик бонус» бўлиб, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш учун муҳим манба ҳисобланади.
Тошкентда вирусли дастур яратиб, одамларнинг пулини ўғирлаган жиноий гуруҳ қўлга олинди
Тошкент шаҳрида “apk” вирусларини яратиб, фуқароларнинг пул маблағларини ўғирлаш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ қўлга олинди.
Ушланган шахсларнинг телефон қурилмалари текширилганда, улар 133 нафар фуқаронинг жами 3 млрд сўмга яқин пул маблағини қўлга киритгани аниқланган. Жиноий гуруҳнинг ҳар бир аъзоси ўғирланган пулдан улуш олган.
Қайд этилишича, ҳозир жиноий гуруҳга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича республика бўйлаб тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.
Мавзуга оид
21:52 / 17.12.2025
Тошкентда янги «сити»лар ва XCM молиявий пирамидасининг қулаши – маҳаллий дайжест
21:26 / 16.12.2025
Тошкентда йирик иссиқлик таъминоти маркази ва қўқонлик табибнинг судга берилиши – маҳаллий дайжест
21:30 / 15.12.2025
Тадбиркорлар учун янги имкониятлар ва ИИБ ходимининг мудҳиш жинояти – маҳаллий дайжест
21:02 / 12.12.2025