«XAYDAR XUSHVAQT MEXRIBON» фермер хўжалиги раҳбари Муртазо Хушвақтов Kun.uz’га мурожаат қилиб, маҳаллий кластердан оладиган ҳақини бир неча ойдан бери ололмаётганини маълум қилди.
Фермернинг айтишича, 2023 йилда «UKRACH FAYZ» МЧЖ билан ғалла етиштириш бўйича фючерс шартнома тузилган. Фермер хўжалиги мажбуриятларни бажарган – 30 тонна буғдойни топширган, аммо кластер тўловни ўз вақтида амалга оширмаган.
Шу сабаб 2025 йил март ойида Тойлоқ туманлараро иқтисодий судида иш кўриб чиқилиб, суд «UKRACH FAYZ» МЧЖдан фермер фойдасига 49 миллион 120 минг сўм қарз ва 3,5 миллион сўм пеня ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарган.





Фермер қарздор бўлса, кечирилмайди...
Суд қарори қонуний кучга кирганидан сўнг 2025 йил апрел ойида Мажбурий ижро бюросига ижро варақаси юборилган. Бироқ орадан қарийб ярим йил ўтса-да, фермер пулни қўлига олмаган.
Муртазо Хушвақтовнинг айтишича, кластернинг қарзини тўламаслиги фермернинг хўжалик фаолиятига жиддий зарба берган. Шу билан бирга, давлат органлари фермердан солиқ тўловларини тўлиқ талаб қилмоқда.
«Судда ютиб чиқсам-да, ҳақимни ололмаяпман. МИБ ижрони амалга оширолмади. Лекин мендан барибир солиқ ва мажбурий тўловларни кечиктирмасдан талаб қилишмоқда. Агар фермер ўз вақтида топшириқни бажармаганида, унга жарима ёки жазо бўларди. Кластер эса тўламаса ҳам, ҳеч ким унга таъсир ўтказмаяпти», – дейди Хушвақтов.
Кластер яна 16 та фермердан қарздор – МИБ
Kun.uz Мажбурий ижро бюросининг туман бўлимидан ҳам изоҳ олди. МИБ масъули Феруз Шароповга кўра, «UKRACH FAYZ» МЧЖ нафақат Хушвақтов, балки тумандаги яна 16 та фермер хўжалигидан қарздор. Уларнинг умумий даъвоси қарийб 2,17 миллиард сўмни ташкил этади.

















