Ижтимоий тармоқларда яйлов чиптаси жорий қилиниши ҳамда эндиликда далада мол боқиш пулли бўлиши ҳақидаги хабарлар тарқалди. Kun.uz ҳолатни ўрганди.

“Яйлов чиптаси” тизими бундан бир неча ой аввал Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қарор лойиҳасида келтирилган. Лойиҳада яйлов чиптаси пулли бўлиши қайд этилган. Аммо президент имзолаган қарорда яйлов чиптаси ўтмаган.

Чипта механизми 10 ноябр куни Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда қабул қилган “Яйлов тўғрисида”ги қонунга киритилган. Бироқ палата хабарида у пулли ёки бепул бўлишига аниқ айтилмаган.

Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишидан тарқатилган видеолавҳада чипта пулли бўлиши айтилган, партиянинг бу йиғилиш ҳақидаги матнли ахборотида эса фуқаролар яйлов чиптаси асосида ер майдонларидан бепул фойдаланиши қайд этилган.

Вазирлик лойиҳаси

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2026 йил июлида яйлов ерларидан самарали фойдаланишни назарда тутувчи қарор лойиҳасини муҳокамага қўйган. Муҳокама 29 июлда якунланган.

Ҳужжат лойиҳасида маҳаллий аҳоли томонидан уй шароитида боқиладиган чорва молларини ўтлатиш учун бўш турган ерларда жамоат яйловларини ташкил этиш таклифи илгари сурилган. Жамоат яйловлари халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларининг қарорига асосан ҳудудий яйлов хўжаликлари томонидан 49 йил муддатга маҳалла фуқаролар йиғинларига бепул ижарага берилиши назарда тутилган.

Лойиҳада жамоат яйловларидан фойдаланишда ҳар ойлик яйлов чиптаси тизими жорий қилиниши, чипта маҳаллий аҳолига пулли ва камбағаллик реестрида рўйхатда турган аҳоли учун бепул асосда тақдим этилиши, чиптанинг ойлик тўлов миқдори маҳалла фуқаролар йиғини кенгашининг қарори билан белгиланиши назарда тутилган.

Шунингдек, жамоат яйловларидан фақат ўша ҳудудда доимий яшовчи маҳаллий аҳоли эҳтиёжлари учун уй шароитида боқиладиган чорва молларини ўтлатиш учун фойдаланилиши, уни иккиламчи ижарага бериш, фойдаланувчилар ўртасида ер участкаларини чегаралаш ва бўлиб олиш тақиқланиши кўзда тутилган.